Тошкент шаҳрининг Гулсанам кўчасида эрталаб соат 05:40 да 101-сонли йўналишда ҳаракатланаётган MAN русумли автобус йўл чўкиши натижасида ботиб қолди.
“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, воқеа ТТЗ бозори бекатида тўхтаган пайтда содир бўлган. Сув қувурларидан сизиб чиққан сув тупроқнинг чўкиб кетишига сабаб бўлган.
Автобус соат 10:10 га бориб ботиқдан чиқарилган. Яхшиямки, йўловчилар жароҳат олмаган. Транспорт воситаси техник кўрикдан ўтказилиб, санитария ишловидан сўнг яна қатновга чиқарилган.
“Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонаси ҳодисага 400 мм диаметрли сув қувури янгиланиши вақтида юзага келган носозлик сабаб бўлганини маълум қилди. Чўкишга айнан шу қувурлардан сизиб чиққан сув сабаб бўлган.
Тармоқларда тарқалган видеоларда ҳодиса жойига ёрдамга келган экскаваторнинг ағдарилиб кетгани ва микроавтобус ҳам ботиб қолганига оид ҳолатлар кўрсатилган бўлса-да, расмий манбалар бу транспорт воситалари ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.
Туман ҳокимлиги ҳодиса юзасидан батафсил маълумот берилишини маълум қилган.