“Толибон” ҳукумати Афғонистон олий таълим тизимида аёллар муаллифлигидаги китобларни дарслик сифатида фойдаланишни тақиқлади. Бунда инсон ҳуқуқлари ва жинсий зўравонлик ҳақида дарс беришни ман қилиш ҳам кўзда тутилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Хабарга кўра, жами 680 та китоб шариат ва “Толибон” сиёсатига зид деб топилган, уларнинг 140 таси аёллар томонидан ёзилган. Ҳатто “Кимё лабораториясида хавфсизлик” каби илмий-услубий қўлланмалар ҳам бу рўйхатдан жой олган.
Шунингдек, университетларга 18 та фанни ўқитиш тақиқлангани билдирилмоқда. Ман қилинган фанларнинг 6 таси айнан аёллар ҳақида: улар орасида “Гендер ва тараққиёт”, “Аёлларнинг коммуникациядаги роли” ва “Аёллар социологияси” кабилар бор.
Китобларни кўриб чиқиш бўйича тузилган қўмита аъзоси аёллар ёзган барча китоблар дарслик сифатида фойдаланилмаслигини тасдиқлаган. Адлия вазирининг собиқ ўринбосари, тақиқланган китоблар муаллифларидан бири бўлган Закия Адели бу қарордан ажабланмаганини билдирган.
“Толибон сўнгги 4 йил ичида қилган ишларини инобатга олсак, ўқув дастурига бундай ўзгартиришлар киритилиши ажабланарли эмас. Аёлларнинг ўзи ўқишга қўйилмаса, уларнинг фикрлари, қарашлари ва ёзганлари ҳам инобатга олинмайди”,— дейди у.
ББCга кўра, янги тартиблар август ойи охирида эълон қилинган. Афғонистон Олий таълим вазирлиги академик ишлари бўйича директор ўринбосари Зиёурраҳмон Арёбий университетларга юборган мактубида бу қарорлар диний уламолар ва мутахассислар ҳайъати томонидан қабул қилинганини билдирган.