Қозоғистон Энергетика вазирлиги ёқилғи экспортига тақиқ кузатилаётгани ҳамда бензин Ўзбекистонга ҳам, бошқа давлатларга ҳам етказиб берилмаётганини айтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, вазирлик 2025 йилнинг баҳорида Ўзбекистонга ортиқча АИ-92 бензини юборилган бир воқеани эслаган. Ўшанда сақлаш жойи бўлмаган “ортиқча” бензин Ўзбекистонга сотилган. Вазирликнинг иддао қилишича, бензин экспортига қўйилган тақиқ мамлакатдаги ёқилғи заҳираларини сезиларли даражада оширган. Ёз бошига келиб, АИ-92 заҳиралари қарийб 70 фоизга, дизел заҳираси эса 78 фоизга ошди. Ҳозирги вақтда ёқилғи бозори барқарор, тақчиллик йўқ.
“Бу стандарт халқаро амалиёт бўлиб, сақлаш жойларини оптималлаштириш имконини беради ва бюджетга қўшимча солиқ тушумларини келтириб чиқарган эди”,— дейилади хабарда.
Қозоғистон 19 май куни бензин, дизел ёқилғиси ва бошқа нефт маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлаган эди. Ушбу чекловлар олти ой давомида амал қилади. Вазирликнинг ёзишича, нефтни қайта ишлаш заводини таъмирлашдан олдин стратегик захираларни тўплаш мақсадида июн ойидан бошлаб экспорт бутунлай тўхтатилган.
22 сентябр куни ОАВда Қозоғистон қўшни давлатларга ноқонуний бензин экспорти туфайли яна ёқилғи қуйиш шохобчаларига бензин етказиб беришда муаммоларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистон бензинини Россиядан импорт камайган бир пайтда фаол харид қила бошлагани айтилганди.
“Ўзбекнефтгаз” компанияси сентябр ойидан бошлаб АИ-80 бензин ишлаб чиқаришни тўхтатганди. 2026 йилдан бошлаб у фақат юқори октанли – АИ-92 ва АИ-95 бензинини сотишга ўтади.
Қозоғистонда 2025 йилнинг 1 январидан бензин ва дизел ёқилғисини Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕОИИ) аъзо давлатлардан ташқарига олиб чиқишга тақиқ жорий этилди.






