Бугун, 26 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳудудларда пахта ҳосили йиғими, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ижроси ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлили юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, бу йил 875 минг гектар майдонга чигит экилиб, 3,7 миллион тонна ҳосил учун шартномалар тузилган. Терим жараёнларига 900 дан ортиқ машина жалб этилди, фермерларга ёқилғи ва ўғит арзонлаштирилган тартибда берилган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда режадан орқада қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, Сурхондарё, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятлари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, Самарқанд, Сирдарё ва Навоийда ҳолат қониқарсиз.
Президент қисқа вақт ичида жойларда фавқулодда штаблар тузиб, ҳосилни сифатли йиғиб олиш, фермерларни ўйлантираётган масалаларни тезкор ҳал этиб бориш бўйича кўрсатмалар берган. Масъулларга терилган пахта учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш топширилган.
Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам кўриб чиқилган.
Республика бўйича 640 та мактаб ва боғчадан 125 тасида таъмирлаш ишлари ҳали якунланмаган. 9,8 минг кўп қаватли уйнинг қарийб мингтаси тайёр эмас. Жиззах ва Сурхондарёдаги қозонхоналар таъмири ҳам охиригача етказилмаган.
Давлат раҳбари икки ҳафта ичида бу масалаларни ҳал этиш, нимстансия, электр ва сув тармоқларини мавсумга шай ҳолатга келтириш зарурлигини қайд этган.
Шунингдек, бугунги кунда аҳолига 55 минг тонна, шундан 381 та олис қишлоқ ва овулларга 9 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган. Аҳолига омборлардаги 27 минг тонна тарқатилмай қолган кўмирни ҳамда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 330 минг тонна суюлтирилган газни тўлиқ етказиш топширилди. Газ ва электр таъминотида узилишларга йўл қўймаслик учун мутасаддилар шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилган
“Яшил макон” дастурининг ижроси муҳокама қилинар экан, бу йил баҳорда экилган 137 миллион кўчатнинг 27,5 миллиони қуриб қолгани танқид қилинди. Сабаби – баҳор ва ёз ўртасида иссиқ кунлар тез келиб қолиши оқибатида экилган кўчатлар унишга улгурмаяпти, уларга одатдагидан 2-3 баробар кўп сув сарфлашга тўғри келмоқда.
Шу муносабат билан дарахтни кузда экишни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу йилги куз мавсумида 125 миллион туп дарахт ва бута, баҳорда яна 75 миллионта экиш режалаштирилди. Бунда суғориш тизими ва имконияти йўқ жойларга кўчат экмаслик талаб қилиб қўйилган.
Урбанизация жараёни тезлашиб бораётгани шаҳарлар ва вилоят марказларида яшиллик даражасини оширишни тақозо этмоқда. Шаҳарларни “яшил” стандартларга мувофиқ илмий асосда ривожлантириш мақсадида олимлар, урбанистлар ва экологлар иштирокида Тошкент ва Нукус шаҳарлари, барча вилоят марказларининг “яшил” мастер режалари ишлаб чиқилиши белгиланган.
Жорий йил учинчи чораги якуни билан мамлакатимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 33,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Январь-август ойларида экспорт 23 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 31 фоизга кўпайган.
Лекин инвестиция ўсиши барча ҳудудларда ҳам бирдек эмас. Айрим ҳудудларда эса экспорт кўрсаткичлари пасайган. Президент мутасаддилардан йил якунигача 7,3 миллиард доллар қўшимча экспортни таъминлаш, сармояларни жалб қилиш ва янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ чоралар кўришни талаб қилган.
АҚШ штатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши белгиланди. Ҳар бир вилоят муайян штат билан ҳамкорлик ўрнатиб, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий шериклар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришига кўмаклашиш зарурлиги қайд этилган.
Йиғилиш якунида Президент барча йўналишларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича кўрсатмалар берган.