Оила муқаддас қўрғон. Унинг пойдевори мустаҳкам бўлмаса, тотув ҳаёт кечириши амри маҳол. Умримизнинг биринчи чорагида турмуш ўртоқ танлашимизни инобатга олсак, ҳаётимизнинг аксар қисмини ўз оила қўрғонимизни қуриш ва мустаҳкамлаш билан банд бўламиз. Сиз бу маъсулиятли ишга қанчалар тайёрсиз? Қуйидаги тест ушбу саволга жавоб топишга ёрдам бериши шубҳасиз! Жавобларингиз орасида қайси ҳарфлар кўплигини ёзиб боринг.
1. Қуйидаги сўзлардан қай бирини нутқингизда кўп ишлатасиз?
А) Шундай бўлишини хоҳлаяпман.
Б) Қила оламан.
В) Бажаришим шарт.
2. Севган инсонингиз билан ўртангизда бўлиб ўтган сўнгги келишмовчиликни ёдга олинг. Сизнинг фикрингизча ким айбдор эди?
А) Фақат у.
Б) Иккимиз бирдек айбдормиз.
В) Ҳеч ким, бу ҳақда гапиришни истамайман.
3. Адолат ҳақида қандай фикрдасиз?
А) Агар ҳақиқат бўлганида эди... (бу гапни бемалол давом эттира оласиз).
Б) Дунёни адолат устунлари ушлаб турибди!
В) Очиғи, аниқ бир нима деёлмайман. Бунинг учун бирор бир вазиятга қараб хулоса чиқариш мумкин.
4. Меҳнат қилиб, ишлаб топган маблағингизни қандай сарфлайсиз?
А) Ҳаммасини турмуш ташвишлари ва хурсандчилик учун ишлатаман.
Б) Маблағимнинг маълум бир қисмини ишлатиб, қолганини жамғариб бораман.
В) Ҳуда-беҳудага пул сарфламайман, асосан йиғаман.
5. Бахтингиз ва хотиржамлигингиз ким ёки нималарга боғлиқ деб ҳисоблайсиз?
А) Атрофимдагиларнинг менга муносабатига.
Б) Барчаси ўзимга боғлиқ.
В) Яқинларим тинч бўлса, мен ҳам тинчман.
ЖАВОБЛАРИНИ ҲИСОБЛАЙМИЗ!
«А» ҳарфи кўп бўлса...
Сиз ҳозирча оилавий ҳаётга тайёр эмассиз. Турмуш қуриш ҳамда фарзандли бўлишга шошмаганингиз маъқул. Яхшиси, ўз устингизда ишланг. Дунёқарашингизни кенгайтиринг, саёҳатга чиқинг, хорижий тилларни ўрганинг. Маслаҳатимиз, фалсафий бадиий фильмлар томоша қилинг, кўпроқ психологик китоблар ўқинг.
«Б» ҳарфи кўп бўлса...
Сиз масъулиятли инсонсиз. Ҳар бир қадамингизни ўйлаб босасиз, гапиришдан аввал эса айтар сўзингизни мулоҳаза қиласиз. Бу хислатларингизга тасанно айтмай иложи йўқ. Вақтни бой бермай, оила қуришга шошилинг! Чунки сиз севикли умр йўлдош ва меҳрибон ота ёки она бўлишга тайёрсиз!
«В» ҳарфи кўп бўлса...
Оила қуришга тайёрсиз. Нима истаётганингиз, буни қандай амалга ошириш кераклигини яхши биласиз. Киришимли эканлигингиз оилавий ҳаётда учраши мумкин бўлган турли вазиятларда асқатади.
АГАР...
Ҳарфлар миқдори тенг бўлса, сиз ҳозир ўтиш босқичидасиз. Ҳаётингизда муҳим ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда. Аввало ўзингиз улғаймоқдасиз. Бу ишда сизга омад тилаб қоламиз!
Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади.