АсосийДунё

Филиппинда “Калмаэги” тайфуни 66 нафар одамнинг умрига зомин бўлди

Филиппиннинг марказий ҳудудларига урган кучли “Калмаэги” тайфуни оқибатида камида 66 киши ҳалок бўлди, яна ўнлаб одамлар бедарак деб ҳисобланмоқда.

'Филиппинда “Калмаэги” тайфуни 66 нафар одамнинг умрига зомин бўлди'ning rasmi

“Reuters” агентлиги маълумотига кўра, “Калмаэги” тайфуни мамлакатнинг марказий қисми ҳамда Палаван оролининг бир нечта ҳудудларига катта зарар етказган. Табиий офатдан кейин шамол ва ёмғир тошқинлар ҳамда кўчкиларга сабаб бўлган.

Ҳалок бўлганлар орасида гуманитар миссия вақтида Минданао оролининг Агусан-дель-Сур ҳудудида ҳалокатга учраган вертолётдаги олти нафар ҳарбий ҳам бор. Филиппин Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш агентлиги маълумотича, яна 13 киши ҳозирча бедарак деб ҳисобланмоқда.

Филиппин метеорология хизматига кўра, 4 ноябрь куни эрталаб “Калмаэги” қуруқликка чиққач, вақтинчалик кучсизланган, аммо Жанубий Хитой денгизи устида яна кучайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.

Маълумот учун, “Калмаэги” — жорий йилда Филиппин ҳудудида қайд этилган 20-тропик циклон ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар