АҚШнинг Массачусетс штатидаги Броктон шаҳрида Жаҳон чемпионати учрашувидан кейинги тантаналар вақтида юз берган отишма оқибатида камида тўрт киши яраланди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.
Полиция маълумотига кўра, ҳодиса 27 июнь куни ярим тунга яқин Main Street ҳудудида содир бўлган. Ўша вақтда кўчада юзлаб одамлар тўпланган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига бир неча марта ўқ узилгани ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеа жойида ўқотар қуролдан жароҳатланган тўрт нафарни аниқлаган. Уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Ҳозирча ҳеч ким қўлга олинмаган.
Полиция қайси учрашув нишонланганига аниқлик киритмаган. Бироқ Броктон шаҳри АҚШдаги энг йирик Кабо-Верде диаспораларидан бири яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Жума куни маҳаллий аҳоли Кабо-Верде терма жамоасининг Жаҳон чемпионатида илк бор плей-оффга чиққанини нишонлаган.
Маълумот учун, Кабо-Верде ва Саудия Арабистони ўртасидаги учрашув Ҳьюстон шаҳрида бўлиб ўтган эди.






