Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Россиянинг Владимир вилоятида жойлашган “Второво” нефть ҳайдаш станциясига дронлар орқали зарба берилганини маълум қилди. Бу ҳақда Meduza нашрига таяниб Zamon.uz хабар берди.
Идора маълумотига кўра, бу июнь ойи давомида мазкур объектга уюштирилган иккинчи ҳужум ҳисобланади. Дастлабки маълумотларга кўра, дронлар станциянинг техник биносига тегиб, портлаш содир бўлган.
Айни вақтда Украина томони ҳужумни тасдиқловчи фото ёки видео материалларни эълон қилмаган. Владимир вилояти ҳокимияти ҳам воқеа юзасидан расмий баёнот бермаган.
NASA’нинг FIRMS мониторинг тизими станция ҳудудида ёнғин қайд этмаган. Бироқ объектдан тахминан 10 километр узоқликда ёнғин ўчоғи аниқланган.
СБУ “Второво” станциясини нефть маҳсулотларини экспорт портлари, ички бозор ва Москвага етказиб берувчи муҳим логистика объекти деб атади. Маълумотларга кўра, ушбу объектга аввал ҳам — 10 июнь куни дронлар орқали ҳужум қилинган.
Meduza қайд этишича, Украина сўнгги ойларда Россиянинг нефть инфратузилмасига мунтазам зарбалар бермоқда. Бу эса айрим ҳудудларда ёқилғи тақчиллиги ва бензин танқислигига оид мурожаатлар кўпайишига олиб келган.






