Ҳинд кино санъатида “Болливуднинг Хи-Мэни” номини олган Дхармендра охирги кунларда уй шароитида тикланиш жараёнида бўлган, бироқ 24 ноябрь куни унинг вафоти ҳақида режиссёр Каран Жоҳар маълум берди.
Ўлим сабаби расман очиқланмаган. Актёр ноябрь ойи бошидан бери ўзини ёмон ҳис қилгани ва шундан сўнг шифохонага ётқизилгани маълум қилинган.
Дхармендра ўз фаолияти давомида 300 дан ортиқ фильмда рол ижро этган ва ҳинд кинематографиясининг энг таниқли чеҳраларидан бири сифатида эътироф этилган. Унинг иштирокидаги “Зита ва Гита”, “Менинг исмим — клоун”, “Севимли Раджа” каби фильмлар бугун ҳам томошабинлар муҳаббатини сақлаб келмоқда.
Актёрнинг сўнгги иши — “Ikkis” фильми — 2025 йил 25 декабрда кинокўрсатувга чиқиши кутилмоқда. У ортида рафиқаси, актриса Хема Малини ва олти нафар фарзанди қолди.






