Бу 2026 йилнинг дастлабки ҳафтасида қайд этилган энг муҳим воқеалардан бўлди. Янги йил мамлакат ва минтақа ҳаёти учун жиддий ва қарама-қарши кайфиятдаги янгиликлар билан бошланди. Ассалому алайкум, эътиборингизда Даракчи.узънинг янги йилдаги илк ҳафта таҳлили.
Саида Мирзиёева илк бор катта интервью берди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева журналист ва блогер Кирилл Альтман билан рус тилида катта интервью ўтказди. Суҳбат давомида у Президент олиб бораётган ислоҳотлар, администрациянинг устувор вазифалари, экология йўналишида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, шахсий ва оилавий ҳаёти ҳақида фикр билдирди.
Интервью эълон қилинганидан сўнг Мирзиёева ушбу суҳбат очиқ ва самимий руҳда ўтганини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳам қайд этди. Таъкидлашича, саволлар бевосита ва яширин мавзулардан холи бўлган.
Суҳбат жамоатчилик орасида турлича муносабат уйғотди. Айрим фаоллар Президент администрацияси раҳбарининг оммавий ахборот воситалари билан очиқ мулоқотини ижобий баҳолаган бўлса, бошқалар интервью айнан рус тилида эмас, ўзбек тилида берилганини кўришни исташларини билдирди.
Хусусан, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти асосчиси Абдураҳмон Ташанов интервью мазмунига эътибор қаратаркан, унинг тил масаласига ҳам тўхталди.
“Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг Кирилл Алтманга берган интервьюси мазмунига чуқурроқ кирилса, у сўнгги йиллардаги сиёсий муҳит ва давлат-жамият муносабатларидаги ўзгаришларни акс эттирувчи муҳим сигнал экани кўринади. Интервью ўзбек тилида ташкил этилганда, таъсири янада кучлироқ бўларди”, — дея ёзди Ташанов.
Россияда ўзбекистонлик мигрант билан боғлиқ ҳолат
Россияда ОМОН ходимлари томонидан ўзбекистонлик мигрант калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига расмий нота юборди.
Тарқалган маълумотларга кўра, воқеа 2025 йил 12 декабрь куни Россиянинг Хабаровск шаҳрида кафелардан бирида ўтказилган рейд чоғида содир бўлган. Хабарларда бир нечта Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани, улардан икки нафари оғир аҳволга тушгани, кейинчалик эса бир фуқаро вафот этгани айтилади.
ТИВнинг билдиришича, Ўзбекистоннинг Хабаровскдаги Бош консулхонаси томонидан ҳудудий прокуратура, Тергов бошқармаси ҳамда Россия ТИВнинг ҳудудий ваколатхонасига мурожаат йўлланган. Унда мазкур ҳолатни холис, ҳар томонлама ва қонуний тартибда ўрганиш сўралган.
“Айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги хабарлар ҳам тасдиқланмади”, — дейилади вазирлик ахборотида.
Бу ҳолат хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш масаласини яна бир бор долзарб мавзуга айлантирди.
Янги йилнинг илк кунида 1100 га яқин чақалоқ туғилди
2026 йил 1 январь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 1094 нафар чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Туғилган чақалоқларнинг 539 нафари ўғил, 555 нафари қиз болалардир. Энг кўп туғилиш Фарғона вилоятида — 138 нафар бола билан қайд этилган. Кейинги ўринларда Сурхондарё (135), Самарқанд (125), Қашқадарё (121) ва Наманган (110) вилоятлари қайд этилди.
Энг кам туғилиш эса Сирдарё вилоятига тўғри келиб, бу ҳудудда 19 нафар чақалоқ дунёга келган. Шунингдек, туғилганлар орасида 17 та эгизак ҳолати аниқланган бўлиб, жами 37 нафар бола эгизак сифатида туғилган. Байрам кунларига қарамай, республика бўйлаб туғуруқ муассасаларида минглаб тиббиёт ходимлари навбатчилик асосида фаолият юритмоқда.
Хулоса қилиб айтганда 2026 йилнинг илк ҳафтасидаги воқеалар давлат ва жамият муносабатларини очиб берди. Юқори лавозимли амалдор интервью билан очиқликни кўрсатди, мигрантлар билан боғлиқ ҳолат эса ҳимоя тизимининг самарадорлигини савол остига қўйди. Демографик маълумотлар эса ижтимоий барқарорликни намойиш этди.






