АсосийЖАМИЯТ

Тошкент вилоятида икки юк машинаси тўқнашди. "КамАЗ" ёниб кетди

Ёнғин воқеа жойига етиб келган ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан бартараф этилган.

'Тошкент вилоятида икки юк машинаси тўқнашди. "КамАЗ" ёниб кетди'ning rasmi

Кеча, 29 июнь куни Тошкент вилоятининг Чиноз туманида икки юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Тўқнашув оқибатида "КамАЗ" русумли юк автомобилида ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса соат 18:30 ларда М39 "Тошкент – Термиз" автомобиль йўлининг Чиноз тумани ҳудудидан ўтувчи 848-километрида юз берган.

Дастлабки маълумотларга кўра, "КамАЗ" русумли юк автомобили "Сирдарё – Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган вақтда ҳайдовчи рул бошқарувини йўқотган. Оқибатда транспорт воситаси қарши ҳаракатланиш йўлагига чиқиб кетиб, МАN русумли юк автомобили билан тўқнашган.

Тўқнашувдан сўнг "КамАЗ"да ёнғин келиб чиққан. Ёнғин воқеа жойига етиб келган ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан бартараф этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чиноз тумани Ички ишлар бўлими Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкент вилоятида икки юк машинаси тўқнашди. "КамАЗ" ёниб кетди - Darakchi.uz