Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов Тошкентдаги айрим умумий овқатланиш корхоналари қўшимча қиймат солиғини тўламаслик учун тушумларни сунъий равишда бўлиб юбориш схемасидан фойдаланаётганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, 400 дан ортиқ ресторан ва кафе мижозларга чекларни ўз корхонаси номидан эмас, балки якка тартибдаги тадбиркорлар орқали бермоқда. Бу эса ҚҚС тўламаслик учун қўлланаётган усул ҳисобланади.
Пўлатов тадбиркорларни бундай амалиётдан воз кечишга чақириб, текширувлардан сўнг жиддий жазо чоралари қўлланилиши мумкинлигини айтди. “Агар касса чеки берилмаса, бу тушумни яширишга уриниш ҳисобланади. Аввало огоҳлантириш берилади, кейин эса катта жарималар қўлланилади”, — деди у.
Мулоқот давомида ишчиларнинг маошини камайтириб кўрсатиш ҳолатлари ҳам танқид қилинди. Қайд этилишича, айрим тадбиркорлар ходимларга тўланадиган иш ҳаққини сунъий равишда паст кўрсатмоқда.
Даврон Ваҳобов раҳбарлигидаги Савдо-саноат палатаси ушбу тадбиркорлар билан алоҳида ишлашга тайёр эканини билдирган. Аниқланган корхоналар рўйхати палатага тақдим этилиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши режалаштирилмоқда.






