Дональд Трамп Truth Social’даги баёнотида Венесуэла АҚШга 30–50 миллион баррелгача “санкция остидаги юқори сифатли нефть” экспорт қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, нефть бозор нархларида сотилади, тушган маблағлар эса Венесуэла халқи ва АҚШ манфаатларига хизмат қилиши учун шахсан унинг назоратида бўлади.
Трамп АҚШ энергетика вазири Крис Райтга ушбу режани зудлик билан амалга ошириш бўйича топшириқ берганини билдирган. Нефть денгиз орқали тўғридан-тўғри АҚШ портларига етказиб берилади.
Мазкур баёнот АҚШ ҳарбийлари 3 январь куни Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олганидан бир неча кун ўтиб янгради. Трамп маъмурияти сўнгги ойларда Каракасни наркотик савдосига алоқадорликда айблаб келмоқда, Венесуэла томони эса АҚШни мамлакат табиий бойликларини эгаллашга уринишда айбламоқда.
Маълумот ўрнида, Венесуэла дунёдаги энг йирик аниқланган нефть захираларига эга бўлиб, 2005 йилгача АҚШнинг асосий нефть етказиб берувчиларидан бири ҳисобланган.






