Ижтимоий тармоқларда Бухорода қизлар 3 киши бўлиб, биттасини самосуд қилгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, 2009 йилда Шофиркон туманида туғилган вояга етмаган К.З. ҳамда 2008 йилда Ғиждувон туманида туғилган вояга етмаган Б.О. ўртасида аввалдан мавжуд келишмовчиликлар сабабли, 2026 йилнинг 7 январь куни соат 9:00 лар атрофида Бухоро шаҳар “Фавворалар майдони”га яқин ҳудуддаги “М.Иқбол” кўчасида ўзаро жанжал келиб чиққан.
Жанжалда 2005 йилда Ғиждувон туманида туғилган Н.Ш. ҳамда 2005 йилда Шофиркон туманида туғилган Т.С. ҳам фаол иштирок этиб, вояга етмаган Б.О. билан биргаликда вояга етмаган К.З. га турли тан жароҳатлари етказган. Ушбу ҳолат жанжалда иштирок этган 2004 йилда Вобкент туманида туғилган М.С. томонидан видеотасвирга олиниб, 2008 йилда туғилган вояга етмаган Б.О. томонидан ўзининг Instagram ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида юқорида номлари келтирилган шахсларнинг шунга ўхшаш яна бир нечта жанжалли ҳолатларга алоқадорлиги аниқланган.
“Келтириб ўтилган барча ҳолатлар бўйича қўшимча маълумотлар текширув якунига кўра тақдим этилади”,— дейилади хабарда.






