Мазкур ҳолат юзасидан Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров Kun.uz'га изоҳ берган. Унинг маълум қилишича, видео 2025 йил 25 октябрь куни вазирлик ходимларидан бирининг никоҳ тўйида тасвирга олинган.
Вазирлик изоҳида қайд этилишича, видеода Озодбек Назарбековга тўй иштирокчилари томонидан пул узатилган бўлиб, бу ҳолат олдиндан режалаштирилмаган. Расмий муносабатда таъкидланишича, бундай вазиятда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини омма олдида рад этиш уларни ноқулай аҳволга солиб қўйиши, камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкинлиги инобатга олинган.
Шунингдек, вазирлик тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаганини эслатади. Бу асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва қадриятларнинг бир қисми сифатида баҳоланиб, халқ орасида “орзу-ҳавас” тушунчаси билан боғлаб келинади.
Маданият вазирлиги Озодбек Назарбеков нафақат вазир, балки таниқли ўзбек хонандаси эканини ҳам алоҳида таъкидлаган. У Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими ҳисобланади. Шу боис, тўй маросимида кузатилган ҳолат унинг касбий фаолияти билан боғлиқ вазият сифатида баҳоланиши лозимлиги қайд этилган.
Ҳар бир инсон эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ўз танлаган касбидан айро бўла олмайди. Мазкур ҳолат ҳам айнан шу нуқтаи назардан келиб чиққан, — дейилади расмий изоҳда.
Mаълум бўлишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан Маданият вазирлигига тақдимнома киритган.
Эслатиб ўтиш жоиз, Озодбек Назарбеков аввал ҳам жамоатчилик муҳокамалари марказида бўлган. Хусусан, у 2024 йилда Kingsman кийим дўкони рекламасида иштирок этган, ўшанда вазир матбуот хизмати бу ҳолатда ҳеч қандай моддий манфаат кўзланмаганини билдирган эди. Шунингдек, у 2025-йилда хусусий университет рекламасида ҳам кўриниш берган.






