АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Грузияга боради

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

'Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Грузияга боради'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2–3 июль кунлари Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.

Тбилиси шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Грузия Президенти Михаил Кавелашвили ҳамда Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан олий даражадаги музокаралари ўтказилиши режалаштирилган.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашади.

Шунингдек, саноат, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм, энергетика ва ахборот технологиялари соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилади.

Музокаралар кун тартибидан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, маҳсулотлар экспорти географиясини диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиш масалалари ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиши кутилмоқда.

Ташриф якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олувчи икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар