Ҳаётдан завқланиб яшаш учун Париж ёки Амстердамга саёҳат қилиш шарт эмас. Билсангиз, чинакам завқу шавқни ўз уйингиздан топа оласиз. Қолаверса, бундай бахтиёрликнинг нашидаси бир умрга татийди. Ишонмайсизми? Унда мана бу тавсияларни албатта синаб кўринг. Натижаси қувонтирмай қолмайди.
1. Саранжомлик машғулоти!
Уй йиғиштиришни мажбурий эмас, балки кайфиятингизни кўтарувчи машғулот сифатида бажарсангиз, асабларингиз тинчланиб, чарчоқ нималигини билмайсиз. Шу баҳона бирор янгилик яратишингиз ҳам мумкин. Масалан, кийим жавонингиздан урфдан қолган либосларни олинг-да, кийилмайдиганларини алоҳида ажратинг. Сўнг ранги ва матосига кўра бир-бирига яқинларини тўплаб, айтайлик, ёзги сумка тикиш мумкин. Ёки ёзги шиппагингизнинг устини ишлатилмайдиган либос матоси билан қопласангиз, янгидай бўлади-қолади.
2. Туйғуларингизни сир тутманг!
Ҳар тонгни жуфтингизнинг ёқимли табассуми билан қарши олсангиз, кунингиз ҳам мароқли ва ёқимли кечади. Бунинг учун эса аввало ўзингиз ташаббус кўрсатинг. Эринманг, барвақтроқ туриб, пардозингизни янгиланг, мазали нонушта тайёрланг ва яхши кайфият билан суюклигингиз қаршисида намоён бўлинг. Билсангиз, ҳис-туйғуларни сир тутиш эмас, борлигини билдириб туриш керак!
3. Табассум — муаммолар ечими!
Яхши кўрган кружкангизни синдириб қўйдингизми? Ҳечқиси йўқ, «Яхшиликка бўлсин» денг. Компьютерингизнинг бирор детали ишламай қолдими? Кайфиятингизни туширманг! Баҳонада янгисига алмаштириб оласиз. Бу каби кичик муаммоларга хотиржамлик билан қарасангиз, ечими ҳам шунчалик осонлашади. Ахир гиламдаги доғни кетказаман деб, янги гилам тўқий олмайсиз-ку! Шундай экан, кичик муаммоларни катталаштириб, ўзингизга муаммо ахтарманг.
4. 15 дақиқалик диққатни жамлаш...
Анчадан бери бажарилишини кутиб турган юмушлар ҳаммамизда топилади. Аммо улар учун куннинг асосий қисмини сарфлаш шарт эмас. Мисол учун, қайдлар ёзилган телефон дафтарчасини қайтадан ёзиш ёки таътил вақтидаги суратларни фотоальбомга жойлаш каби машғулотлар учун бор-йўғи 15 дақиқа вақт кифоя. Ҳар куни атиги 15 дақиқа вақтингизни ана шундай юмушларга ажратсангиз, қарабсизки, уч-тўрт кун деганда натижаси мана ман дея кўзингизни қувонтиради!
5. Хурсандчилик ўз қўлингизда!
Ҳаётимиз кутилмаган воқеаларга бой. Ҳатто эски куртка чўнтагидан топилган беш-олти юз сўм пул, сумканинг бир бурчагида қолиб кетган конфет ҳам кайфиятни кўтара олади. Ҳурсандчилик улашишни сиз ҳам уддалай оласиз. Бунинг учун байрамни кутиш шарт эмас. Шунчаки ўзингизнинг энг мазали пишириғингизни тайёрлаб, яқинларингизни дастурхон атрофига чорланг. Қарабсизки, яқинлар дийдори билан чинакам шодиёна сабабчисига айланасиз!
Хонадонингиз кўнглингиз талпинган маскан бўлишини истасангиз, уйингизни ўзингиз ёқтирган нарсалар билан безатинг!
Уйингиз хоналарини ҳаётингизнинг энг эсда қоларли лаҳзалари акс этган суратлар билан безатинг. Эҳтимол ўша онлардаги қувончни такрорлашни истаб қоларсиз!
Самира УЛУҒБЕКОВА