Жорий йилнинг 16 январь куни соат 21:30 дан бошлаб Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳудудидан ўтувчи “Тахтақорача” довонида ҳаракат вақтинчага чекланди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Хабарга кўра, туман ҳудудидан ўтувчи М-39 “Олмаота–Бишкек–Тошкент–Шаҳрисабз” автомобиль йўлининг “Тахтақорача” довонида қор ёғингарчилиги кузатилгани ҳамда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида йўл қопламасининг юза қисми музлаб қолган.
“Шулар инобатга олиниб, довон ҳудудида транспорт воситалари иштирокида автоҳалокатларнинг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Тахтақорача” довонининг “Ургут–Китоб” йўналиши бўйича транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланди”, дейилади хабарда.
Ҳайдовчилардан мазкур йўналишда ҳаракатланишда белгиланган чекловларга амал қилиш, муқобил йўллардан фойдаланиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш сўралган.






