Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатда бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани маълум қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш соҳасида қилинган чоралар сабабли камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушди.
Шунингдек, ўтган йили иқтисодиёт дастлабки прогнозга нисбатан анча юқори, яъни 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилгидан юқори бўлди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар 43 миллиард долларга, экспорт ҳажми 33,8 миллиард долларга етди. Юқори иқтисодий фаоллик, ўсаётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.
“Буларнинг барчаси — ислоҳотларимиз самараси бўлиб, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Биз 2026 йилни ‘Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили’, деб эълон қилиб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича катта вазифаларни белгилаб олдик”, деди президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, маҳалла ислоҳотлар қаерда самарали ишлаётгани ва қаерда тўхтаб қолаётганини аниқ кўрсатиб берадиган ҳудуд ҳисобланади. Агар маҳаллада ишсиз фуқаролар ва камбағал оилалар сақланиб қолаётган бўлса, бу ислоҳотлар ўша жойгача етиб бормаганидан далолат беради. Шунингдек, “еттилик” ва банк тизими аҳоли муаммоларини ҳал қилмаётган бўлса, бу ҳолат айнан шу ерда тизим ишламаётганини англатишини қайд этди.
Давлат раҳбари ҳеч бир вазир, вилоят ёки туман ҳокими, шунингдек, банк раҳбарлари “еттилик”ни баҳона қилишга ҳақли эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, бунинг учун зарур имконият ва маблағлар, шунингдек, тегишли қарор ва дастурлар мавжуд, аммо ҳозирча етишмаётган жиҳат — масъулият ва шахсий жавобгарликдир.






