ТАСС танишиб чиққан ҳужжатга кўра, Россия Меҳнат кодексига киритилаётган тузатишлар хорижий ишчи кучини жалб этишни нафақат федерал, балки ҳудудий даражада чеклаш имконини ҳам назарда тутади. Эндиликда Россия Федерацияси субъектлари ҳокимияти томонидан қабул қилинадиган қарорлар ҳам мигрантлар билан меҳнат муносабатларини тугатиш учун асос бўлиши мумкин.
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш материалларида қайд этилишича, 2025 йилда Москва вилояти, Краснодар ўлкаси, Новгород ва Нижний Новгород вилоятларида патент асосида ишлаётган хорижий фуқаролар меҳнатидан иқтисодиётнинг айрим тармоқларида фойдаланиш тақиқланган.
Шу пайтга қадар иш берувчилар ҳуқуқий ноаниқликка дуч келган: ҳудудий тақиқларга риоя қилмаслик 1 миллион рублгача жарима ёки фаолиятни тўхтатиб қўйишга олиб келиши мумкин эди, бироқ хорижий ходимни ишдан бўшатиш ноқонуний деб топилиши хавфи ҳам мавжуд бўлган.
Таклиф этилаётган ўзгаришлар мазкур ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш ҳамда меҳнат қонунчилигини миграция бандлигини ҳудудий тартибга солиш амалиётига мослаштиришга қаратилган.






