Россия ҳукумати 2027 йилдан бошлаб МДҲ мамлакатларидан визасиз келадиган меҳнат мигрантлари учун иш рухсатномалари ва патент тўловларига янги қоидаларни жорий этишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда zamon.uz ёзмоқда.
Молия вазирлигининг лойиҳасига кўра:
Мигрантлар ўзлари билан бирга вояга етмаган фарзандлари ва бошқа қарамоғидагилари учун ҳам иш рухсатномасини тўлашлари керак бўлади – жами сумманинг 50 фоиз миқдорида.
Болалар 18 ёшга тўлганидан кейин яшаш учун бошқа қонуний асосга эга бўлмаса, иш рухсатномасини олишлари ёки Россия ҳудудини тарк этишлари шарт.
Ҳозирги патент тизимида шахсий даромад солиғи бўйича базавий тўлов ойига 1200 рублдан бошланади, минтақавий коэффитсиент ва дефлятор ҳисобга олинса, Чеченистонда 3400 рублдан Краснодар ўлкасида 27 300 рублгача, Москвада эса тахминан 10 000 рублни ташкил этади.
Ўзгартиришлар патент тўлови мажбурийлигини кенгайтиради ва даромадларни назорат қилишни кучайтиради. Солиқ хизмати мигрантларнинг расмий даромади минтақавий яшаш минимумидан кам эмаслигини текширади. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги ва Федерал Солиқ хизмати ўртасида янги маълумот алмашинуви механизми жорий этилади: ҳар чоракда мигрантларнинг даромадлари автоматик тарзда тақдим этилади ва патентни янгилаш, яшаш рухсатномаси талабларига риоя қилиниши назорат қилинади.
Ушбу чора-тадбирлар хорижий ишчиларни тўлиқроқ ҳисобга олиш ва уларнинг даромадларини соя иқтисодиётидан чиқариш мақсадида амалга оширилмоқда.






