Курск вилояти губернатори Александр Хинштейн Украина Қуролли кучларини Пасха сулҳини бузишда айблади. Бу ҳақда у 11 апрель куни ўзининг Telegram каналида ёзди.
Унинг айтишича, Льгов шаҳрида Украина дрони ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳужум қилган ва оқибатда уч киши, жумладан бир ёшли бола жароҳатланган. Хинштейн дрон зарбаси 11 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан кейин, яъни фронтда Пасха сулҳи кучга кирган пайтда содир бўлганини даъво қилган. Бироқ у бу иддаога далил келтирмаган.
Шунингдек, Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков чегараолди Шебекино шаҳрида икки нафар тинч аҳоли Украина томонидан ўққа тутилгани оқибатида яраланганини маълум қилди. Бу ҳақда у ҳам ўз Telegram каналида хабар берган. Херсон вилоятининг Россия томонидан эгаллаб олинган Янги Каховка маъмурияти ҳам шаҳар Украина қўшинлари томонидан ўққа тутилганини ва бир нафар тинч аҳоли вакили жароҳатланганини билдирган.
Украина нашрлари эса Россия қўшинлари ҳам Херсон вилоятининг ўнг соҳилига баровар ўт очиш реактив тизимларидан зарба бериб, сулҳни бузганини ёзмоқда. Шунингдек, Харков ва Запорожье вилоятларида сулҳ бошланганидан кейин дронлар ҳужуми хавфи туфайли ҳаво хавфсизлиги огоҳлантируви эълон қилинган.
Айни пайтда Украинанинг “Exilenova+” мониторинг канали ўз манбаларига таяниб, сулҳ “фронтнинг аксарият қисмларида ҳақиқатдан ҳам ишлаётгани”ни таъкидлаган. Канал муаллифларига кўра, разведка дронлари ҳар икки томонда ҳам учмоқда ва улар ўзаро уриб туширилмоқда.
Кремль таклифига кўра, Пасха сулҳи 11 апрель соат 16:00 дан 12 апрель куни охирига қадар давом этади. Украина президенти Россия томонига ўт очишни тўхтатиш режими Пасхадан кейин ҳам давом эттирилиши мумкинлиги ҳақида маълумот етказилганини билдирган.






