Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда урбанизацияни ривожлантириш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Прогнозларга кўра, 2045 йилга бориб шаҳар аҳолиси ҳозирги 3,1 миллиондан икки баравардан кўпроққа ошади.
Шу боис яшил ҳудудлар майдонини уч баравар кенгайтириб, 25 минг гектарга етказиш, аҳоли жон бошига яшил майдонни 6 квадрат метргача ошириш режалаштирилган. Шунингдек, шаҳарнинг 9 ҳудудида умумий майдони 134 гектар бўлган янги жамоат паркларини барпо этиш кўзда тутилган.
Кўриб чиқилган 85 та қурилиш лойиҳасидан 18 тасига рухсат бериш, 12 тасини ўзгартириш, 54 тасини эса қайта ишлаб чиқиш таклиф этилди. Лойиҳалар натижасида ҳар йили 1,5 миллиард доллар қўшимча ҳудудий маҳсулот яратиш ва 260 минг иш ўрни очиш кутилмоқда.
Президент урбанизация жараёнларини экология, соғлом муҳит ва жамоатчилик манфаатлари асосида олиб бориш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.






