АсосийСПОРТ

Расман: Юлиан Нагельсманн Германия терма жамоаси бош мураббийлигини тарк этди

Нагельсманннинг айтишича, у жамоанинг Жаҳон чемпионатини тарк этганидан сўнг қарорини пухта ўйлаб чиққан ва федерация раҳбарияти билан маслаҳатлашган.

'Расман: Юлиан Нагельсманн Германия терма жамоаси бош мураббийлигини тарк этди'ning rasmi

Германия миллий терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Германия футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълум қилди.

Нагельсманннинг айтишича, у жамоанинг Жаҳон чемпионатини тарк этганидан сўнг қарорини пухта ўйлаб чиққан ва федерация раҳбарияти билан маслаҳатлашган.

"Жамоа Жаҳон чемпионатини тарк этганидан кейин кўп ўйладим. Шунингдек, шахсан ўзим ҳам, федерациядаги ишончли инсонлар билан ҳам маслаҳатлашдим. Бу қарорни қабул қилиш осон бўлмади. Мен учун доимо энг муҳим нарса жамоанинг муваффақияти бўлган. Бундай оғир мағлубиятдан кейин жамоа янги саҳифадан бошлаш имкониятига лойиқ, деб ҳисоблайман.

Мураббийлар штабига, ёрдамчи ходимларга, федерациядаги барча ҳамкасбларимга, айниқса, бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Мухлисларга ҳам алоҳида раҳмат. Сизлар бизга доим ишондингиз, энг қийин паллаларда ҳам қўллаб-қувватладингиз ва куч бағишладингиз. Бу Жаҳон чемпионатида сизларга янада унутилмас футбол оқшомларини тақдим эта олмаганимиздан чин дилдан афсусдаман. Сизлар бундан ҳам яхшироғига муносиб эдингиз», деган Нагельсманн.

Аввалроқ Германия терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг 1/16 финал босқичида Парагвайга мағлуб бўлиб, мусобақа билан хайрлашган эди. Асосий ва қўшимча вақт 1:1 ҳисобида якунланган баҳс тақдири пенальтилар сериясида ҳал бўлди. Унда Парагвай футболчилари 4:3 ҳисобида устун келди.

Маълумот учун, 38 ёшли Юлиан Нагельсманн Германия миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб 2023 йил сентябрь ойида тайинланган. Унинг бошчилигида немислар 2024 йилги Европа чемпионатининг чорак финалигача етиб борган. Бунга қадар мутахассис Германиянинг "Бавария", "РБ Лейпциг" ва "Хоффенхайм" клубларини бошқарган.

    Бошқа янгиликлар