Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги “Томорқа мактаби” фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб сув хўжалигида маҳаллийлаштирилган техника ва ускуналар тақдимоти билан танишди.
Сув тежаш технологиялари ва замонавий ирригация тизимларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш орқали харажатларни камайтириш, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, фермер ва аҳолининг талабини тезкор таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.
Президентимиз бу йўналишга янада кўпроқ эътибор қаратиш, бунда илмий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
“Томорқа мактаби” аҳолини ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, сердаромад экин турларини жорий этиш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлашнинг замонавий усулларини ўргатишга ихтисослашган. Муассаса банкларнинг молиявий кўмагида фаолият юритмоқда.
Энг муҳими, бу ерда ишсиз ва кам таъминланган оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилади. Мазкур жараёнда деҳқончиликнинг илмий асослари, юқори даромадли маҳсулот етиштириш технологиялари ва замонавий томорқачилик усуллари амалий равишда ўргатилмоқда.
Инновацион мактаб Термиз, Музработ, Қизириқ, Бандихон, Ангор ва Жарқўрғон туманларини қамраб олган бўлиб, унинг таркибида ўқув биноси, уч гектар иссиқхона ҳамда уч гектар ўқув-тажриба майдони мавжуд.
Иссиқхонада Сурхондарё шароитига мослаштирилган банан, папайя, розмарин, лаванда, лимон, анжир, брокколи, булғор қалампири ва бошқа экинлар етиштирилмоқда. Шунингдек, кўчатчилик ва гулчилик йўлга қўйилган, томчилатиб суғориш тизими жорий этилган.
Мактабда Сурхондарё шароитида бир йилда уч марта ҳосил олиш амалиёти ўқитилмоқда. Ўқув жараёнига олимлар, мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар жалб этилган.
Шу пайтга қадар 1300 нафарга яқин ишсиз ва камбағал оила аъзоси махсус курсларни тугатиб, ўз томорқаси ёки ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали ўзини ўзи банд қилган. Ҳоким ёрдамчилари ҳар ойда 220 нафардан, йилига 2700 нафаргача томорқа ва ижара ер эгаларини ўқишга йўналтирмоқда. Тингловчилар учун йўлланма ёки ваучер тизими орқали ўқиш харажатлари қоплаб берилади.
Курсда қатнашувчиларга юқори даромадли экинлар экиш ва бир сотих ердан ўртача 10-15 миллион сўм даромад олиш методикаси амалиётда кўрсатилади. “Агростар” компаниялари эса тингловчиларни уруғ ва кўчатлар билан таъминлаб, етиштирилган маҳсулотларни харид қилишни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари мактабда томорқадан уч марта ҳосил олиш амалиёти, саноатлашган боғлар ва сув тежовчи технологиялар тақдимоти билан танишди. Мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратиш, ҳудуд учун янги бўлган ўсимликлар, шу жумладан ситрус ва тропик мевалар етиштиришни ўзлаштириш муҳимлигини таъкидлади.






