Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг судья ёрдамчиси 2500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур шахс ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга уринган. У Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоятидаги туман бўлимларидан бирига жорий йил май ойида ишга кирган фуқарога ўзининг мансабдор танишлари орқали ёрдам берганини айтган.
Шунингдек, келгусида уни ўзига маъқул бўлган тумандаги МИБ бўлимига ўтказиб беришини ваъда қилиб, бунинг эвазига 2500 АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида судья ёрдамчиси сўралган пул маблағини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.






