8 апрель куни интернетда Навоий шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида тарбиячи болаларга нисбатан зўравонлик қилгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Аниқланишича, воқеа 7 апрель куни Навоий шаҳрининг “Янгиариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган, фуқаро С.С. раҳбарлигидаги хусусий боғчада содир бўлган. 2003 йилда туғилган тарбиячи Э.Н. ўз қарамоғидаги гуруҳ болаларини “тартибга солиш” баҳонасида аёвсиз калтаклагани аниқланган.
Ўрганишлар давомида гумонланувчи март ойидан апрелга қадар болаларнинг ожиз ҳолатидан фойдаланиб, уларни мунтазам равишда дўппослаб келгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, шахс процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунига кўра айбдорларга нисбатан қонуний қарор қабул қилиниши маълум қилинди.






