Марҳумнинг яқинлари маълум қилишича, жасад 28-февраль куни соат 10:30 ларда Дўстлик каналидан, сув оқимининг қуйи қисмидан аниқланган. У қум остида қолиб кетган бўлган. Қариндошларининг айтишича, мурда ИИБ ходими ва унинг турмуш ўртоғи томонидан сувга ташланган жойдан тахминан 4 километр узоқликдаги жинғил тагидан чиққан.
Аввалроқ вилоят ҳокимлиги кўмагида каналнинг бир қисми вақтинча ёпилиб, сув босими камайтирилган ва ФВВ қутқарувчилари, маҳалла аҳли ҳамда қариндошлардан иборат 150 нафарга яқин киши қидирув ишларини олиб борганди, бироқ ўшанда жасад топилмаганди.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 2025-йил 11-декабрь куни содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Нехиа-3 бошқарган ИИБ ходими пиёдани уриб юборган, сўнг воқеани яшириш мақсадида уни бошқа автомобилга ўтказиб, воқеа жойидан узоқдаги Дўстлик каналига олиб бориб ташлагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






