Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи чорагида мамлакатда фаол резюмелар сони 31,5 фоизга ошиб, 636 мингтага етган.
Регулятор қайд этишича, иш қидирувчилар сонининг кескин ўсиши меҳнат бозорида рақобатни кучайтириб, айрим йўналишларда иш ҳақининг ошишига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Таҳлилларда таъкидланишича, ушбу даврда меҳнат бозорида бандлик барқарор ўсишда давом этган. Асосий ўсиш хизматлар соҳаси ҳиссасига тўғри келиб, молия, суғурта, профессионал ва техник хизматлар ҳамда маъмурий хизматларда бандлик сезиларли ортган.
Марказий банк қишлоқ хўжалигида бандлик қисқаришини меҳнат ресурсларининг бошқа тармоқларга қайта тақсимланиши билан изоҳлаган. Шу билан бирга, саноат ва савдо соҳаларида ҳам бандлик барқарор ўсгани қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, меҳнат бозорида ишчи кучига талаб сақланиб қолмоқда. Энг юқори эҳтиёж хизматлар, чакана савдо, қурилиш ва умумий овқатланиш соҳаларида кузатилган.
Шу даврда ўртача номинал иш ҳақи 17,4 фоизга, реал иш ҳақи эса 9,5 фоизга ошган.
Ташқи меҳнат миграциясида ҳам фаоллик кузатилмоқда — жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1,63 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси хорижга чиққан. Россияда меҳнат қилаётганлар сони бироз камайган бўлса, Туркия ва Жанубий Кореяда ишлаётганлар сони ортиб бормоқда.






