АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси давомида уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, яна бир неча киши яраланди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги маълум қилди.
Маълумотга кўра, маҳаллий вақт билан соат 17:30 ҳолатида уч нафар ҳарбий жангда ҳалок бўлган, беш нафари оғир яраланган. Яна бир нечта ҳарбий енгил жароҳатлар ва контузия олган бўлиб, улар сафга қайтмоқда. Ҳалок бўлганларнинг яқин қариндошларига бир сутка ичида хабар берилиши айтилган. Баёнотда таъкидланишича, йирик жанговар ҳаракатлар давом этмоқда.
АҚШ Президенти Дональд Трамп 28 февраль куни мамлакат Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганини эълон қилган эди. АҚШ бу операцияни “Эпик ғазаб” деб атади. Трамп Эронни АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши “узлуксиз қонли кампания” олиб боришда айблади.
28 февраль куни Исроил ҳам Эроннинг бир қатор шаҳарларига, жумладан Теҳронга зарбалар берган эди. Исроил ўз операциясини “Шер наъраси” деб атаган. Жавоб ҳужумлари эҳтимоли туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.
Трамп бомбардимонлар Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилгунча давом этишини билдирган. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 февраль куни эрталаб АҚШ ва Исроил операцияси чоғида ўз қароргоҳида ҳалок бўлгани маълум қилинди. Трамп уни тарихдаги энг ёмон шахслардан бири деб атаб, унинг ўлими “адолат” эканини ёзган.
Бунга жавобан Теҳрон Яқин Шарқда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ракеталар ва учувчисиз қурилмалар орқали зарба берди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён олий раҳбарнинг ўлдирилишини оғир жиноят деб баҳолаб, қасос олишга ваъда берди.






