АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 18 март ҳолатига мамлакатнинг жами қарз мажбуриятлари 39,03 триллион долларни ташкил этди. Бунинг натижасида ҳар бир америкалик резидент ҳиссасига тўғри келадиган қарз ҳажми 114,1 минг доллардан ошди.
Эслатиб ўтамиз, давлат қарзи 38 триллион доллардан ўтгани ўтган йил октябрь ойида қайд этилган эди. Халқаро валюта жамғармаси таҳлилчилари фикрига кўра, 2030 йилга бориб АҚШ қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 143,4 фоизини ташкил қилиши мумкин.
Давлат қарзини камайтириш АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайловолди дастурида асосий вазифалардан бири бўлган. Бироқ унинг иккинчи президентлик муддатида қарз ҳажми рекорд даражада тез ўсди: биринчи йилида қарз 2,25 триллион долларга ошган.
Халқаро молиявий таҳлиллар эса дунёдаги глобал қарз ҳажми ҳам рекорд даража – 337,7 триллион долларга етганини кўрсатмоқда. Бу АҚШ долларининг заифлашиши, марказий банклар сиёсати ва глобал молиявий шароитлар таъсирида содир бўлди.






