АҚШ президенти Дональд Трамп Францияда бўлиб ўтган G7 саммити доирасида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан икки томонлама учрашув ўтказди. Суҳбат давомида Трамп келажакда Ҳиндистонга ташриф буюришини маълум қилди.
Унинг айтишича, АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо келишуви бўйича музокаралар ҳам якунланиш арафасида.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Трампнинг Ҳиндистон маҳсулотларига бож жорий этиш режаси ортидан таранглашган эди. Ўтган ҳафта эса Уммон кўрфазида АҚШ ҳарбийлари томонидан уч нафар ҳинд денгизчисининг ҳалок бўлиши вазиятни янада мураккаблаштирди.
Моди G7 саммитида Трамп билан учрашув чоғида Ҳурмуз бўғозида фаолият юритаётган ҳинд денгизчиларининг хавфсизлиги масаласини кўтарди.
Шунингдек, томонлар савдо келишуви бўйича музокараларни ҳам муҳокама қилди. Бу жараён АҚШнинг мажбурий меҳнатга қарши етарли чора кўрмаётган давлатларга, жумладан Ҳиндистонга нисбатан янги импорт божлари жорий этиши сабабли секинлашган.
Трамп журналистлар билан мулоқотда Нарендра Модини "қаттиқ музокарачи" деб атади ва яқин келажакда Ҳиндистонга бориш нияти борлигини билдирди.
Шунингдек, у АҚШнинг Ҳиндистон билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорлиги ҳақида гапирар экан, мамлакатга ташқи таҳдид бўлган тақдирда Вашингтон ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.
"Агар кимдир унга ҳужум қилса, биз ёрдам берамиз. Янги раҳбар келса, бу ҳақда ҳозирча аниқ айта олмайман", — деди Трамп.
Ҳиндистонда мухолифат партиялари бош вазир Модини АҚШ ҳаракатларини очиқ танқид қилмагани учун танқид қилди. Улар Трамп билан учрашувда мазкур масалани қатъий кўтаришни талаб қилди.
Моди G7 саммитидаги нутқида Яқин Шарқдаги можаро туфайли бир неча нафар Ҳиндистон фуқароси ҳалок бўлганини эслаб ўтди ва денгизчилар хавфсизлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.






