АсосийСПОРТ

FIFA “Андижон”га трансфер тақиқини қўйди

FIFA Ўзбекистон Футбол ассоциациясига йўллаган расмий хатида “Андижон” Албаниянинг “Лачи” клуби олдидаги молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганини қайд этган.

'FIFA “Андижон”га трансфер тақиқини қўйди'ning rasmi

FIFA Ўзбекистоннинг “Андижон” футбол клубига нисбатан трансфер тақиқини жорий қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, FIFA Ўзбекистон Футбол ассоциациясига йўллаган расмий хатида “Андижон” Албаниянинг “Лачи” клуби олдидаги молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганини қайд этган.

FIFA қарорига кўра, клуб қарздорликни 45 кун ичида бартараф этиши лозим эди. Бироқ якуний муддат сифатида белгиланган 10 июнга қадар ҳам тўлов амалга оширилмаган.

Шундан сўнг FIFA мазкур иш тўлиқ ҳал этилгунига қадар “Андижон”га кетма-кет учта трансфер ойнаси давомида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлади.

Қайд этилишича, қарздорлик словениялик ярим ҳимоячи Алтин Крезиунинг трансфери билан боғлиқ. Энди “Андижон” мазкур трансфер юзасидан “Лачи” клуби билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши шарт. Клуб молиявий мажбуриятларни бажаргани ҳақида FIFA’ни хабардор қилади, “Лачи” эса буни тасдиқлаганидан кейин трансфер тақиқи бекор қилиниши мумкин.

Маълумот учун, 23 ёшли Алтин Крезиу 2025 йил мавсум бошида “Андижон” сафига қўшилган. У жамоа таркибида 19 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол ва 4 та голли узатма муаллифи бўлган. Кейинчалик клуб мавсум якунланмасидан туриб футболчи билан шартномани бекор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA қарори билан “Бунёдкор” футбол клубига ҳам бразилиялик футболчи Ривалдо билан боғлиқ молиявий низо ҳал этилмагунига қадар трансфер тақиқи қўйилгани хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар

    FIFA “Андижон”га трансфер тақиқини қўйди - Darakchi.uz