АсосийЖамият

Электрон рецептлар бекор қилинадими?

Ўзбекистонда дорилар учун электрон рецептлар тизими бекор қилинмайди — аксинча, янада кенгайтирилади.

'Электрон рецептлар бекор қилинадими?'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2025 йилда қабул қилинган буйруқни бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу эса айримларда электрон рецептлар тизими тугатилади, деган нотўғри хулосаларга сабаб бўлди. Аслида эса тизим ўз фаолиятини давом эттиради ва янада ривожлантирилади.

"Электрон рецепт" тизими Ўзбекистонда аллақачон тўлиқ жорий этилган бўлиб, ишлашда давом этади. Вазирлик уни барча рецепт асосида бериладиган дори воситаларига татбиқ этишни режалаштирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур тизимни жорий этиш тартибини белгилаган эски ҳужжатни бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиққан. Бу хабар ижтимоий тармоқлар ва айрим ОАВларда тизим бекор қилинади, деган тахминларга сабаб бўлган.

Аслида, 2025 йил 15 декабрда қабул қилинган вазир буйруғи Тошкент шаҳри ва айрим ҳудудларда амалга оширилган пилот лойиҳа доирасида қўлланилган.

Ҳужжатга илова қилинган тушунтириш хатига кўра, электрон рецептлар тизими тажрибада иштирок этган тиббиёт муассасаларида тўлиқ жорий этилган. Шунингдек, дори воситаларини тайинлашнинг ягона тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 570-сонли қарори билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу муносабат билан, аввалги вазирлик буйруғи ўзининг амалий ва ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган.

Ушбу буйруқнинг бекор қилиниши норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этади. Келгусида электрон рецептлар тизими фақат ҳукумат қарори асосида тартибга солинади.

Янги лойиҳада тизимни янада кенгайтириш назарда тутилган. Хусусан, электрон рецептлар барча рецепт талаб этиладиган дори воситаларига жорий этилиши режалаштирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар