Янги йилда бажармоқчи бўлган ишларингизни ойма-ой белгилаб олсангиз, анча осон кечади. Ишонмасангиз, қўлингизга қоғоз-қалам олинг-да, биз тузган режага диққат қилинг. Эҳтимол унда ўзингизга кераклиларини топарсиз. Ҳа-я, ўзингиз тузган режаларни ҳам қайд этишни унутманг!
Январь
Янги харидлар вақти!
Бордию ўтган йилда бирор нима харид қилишни режалаштириб, амалга оширолмаган бўлсангиз, янги йилда албатта ишни ана шу режадан бошланг. Айтишларича, йил бошида қилинган харидлар ҳаётингизга ҳам янгилик олиб келаркан. Масалан, уйингизни алиштирмоқчисиз ёки рўзғорга керакли бирор анжом харид қилиш истагингиз бор. Бу каби ишларни кейинги ойга қолдирмай, айнан йилнинг биринчи ойида бажаринг. Янги харидлар ҳаётингиздаги бир хилликни ўзгартиради.
Февраль
Таъмирлаш ишларини бошланг!
Йилнинг иккинчи ойи илиқ мавсумга бироз яқин бўлгани боис уй-жой таъмирлаш ишлари билан шуғулланиш учун қулай. Эҳтимол, анчадан буён ҳаммомга янги кафель ўрнатишни ўйлаб юргандирсиз ёки хона гулқоғозларини янгилаш истагингиз бордир. Яқинларингиз билан маслаҳатлашган ҳолда ана шундай катта-кичик таъмирлаш ишларини бошланг. Имкониятингизга қараб, қанча эрта бошласангиз, қолган ишларингиз ҳам бирин-кетин бўлаверади.
Март
Саломатлигингизга эътибор қаратинг!
Март ойида организмимиз қишқи уйқудан уйғонади. Демакки, бу вақтда шифокорлар кўригидан бир-бир ўтиб қўйсангиз, зарар қилмайди. Дарвоқе, таомномангизга ҳам витаминга бой маҳсулотлар қўшиш вақти келди. Бу қиш бўйи истеъмол қилган яримтайёр маҳсулотларни аста-секин камайтиринг-да, табиий турларига ўтинг, дегани. Март ойида бизнинг байрамимиз борлигини унутмадингизми? Ҳа, яшанг! Байрамга муносиб бўлиш учун қишда йиғилиб қолган ортиқча “юк”ларни спорт машғулотлари орқали йўқотиш мумкин. Уйингизда ҳам баҳорга ҳамоҳанг тозалик тадбирларини ўтказсангиз, фойдадан холи бўлмайди.
Апрель
Қиш билан хайрлашинг!
Апрель ойидан бошлаб, кунлар анча исиб қолади. Демак, қишқи кийимларни йиғиштирсангиз ҳам бўлаверади. Айтганча, пардоз воситаларингизга ҳам бир кўздан кечиринг. Балки йил бўйи фойдаланган пардоз воситаларингизни янгилаш вақти етгандир. Қолаверса, баҳор мавсумида юз терисини озиқлантирувчи воситаларни ишлатиш керак. Шу билан бирга, организмингиз қувват манбаини тиклаб олиши учун спорт машғулотларига ҳам аҳамият беринг. Эрталабки илиқ ҳавода сайр қилиш, югуриш ҳам кайфиятни кўтаради, ҳам соғлик учун фойдали.
Май
Интерьерни ўзгартирамиз!
Уй жиҳозларингизни сўнгги марта қачон янгилагандингиз? Оила аъзоларингиз тез-тез йиғиладиган жой — тамадди қилинадиган ошхона, тўғрими? Демак, интерьерни янгилашни айнан шу ердан бошланг. Ошхона жиҳозларини алмаштиришнинг имкони топилмаса, ҳеч бўлмаганда янги идиш-товоқлар харид қилинг. Ёки аввалдан олиб қўйганингиз бўлса, ана шулардан фойдаланинг. Бир хиллик бўлмаслиги учун хонадаги бошқа жиҳозлар ўрнини ҳам ўзгартириб чиқинг. Тасаввурингизни ишга солинг!
Июнь
Зеҳнингизни ишга солинг!
Иссиқ мавсумнинг биринчи ойи! Уддабурон бекалар бу ойда мураббою компотлар учун ҳозирлик кўришади. Шакар, шиша банкалар, қопқоқ ва консерва маҳсулотлари учун ишлатиладиган асбоблар яроқлилигини кўздан кечириб қўйсангиз зарар қилмайди. Ҳа-я, нарх-навога ҳам эътибор қаратишни унутманг! Имконингиз бўлса, мурабболар учун шакарни улгуржи нархда харид қилсангиз, ютқазмайсиз.
Июль
Оилавий саёҳатга чиқинг!
Иссиқ ҳавода яқинларингиз билан тоғ ёнбағирлари, баҳаво жойларда дам олишга нима етсин! Аммо мазза қилиб ҳордиқ чиқариш учун қаерга бормоқчилигингизни олдиндан режалаштириб олинг. Чунки сиз каби бошқалар ҳам дам олиш масканларию сиҳатгоҳларга йўл олишади-да! Агар соғлиғингизда бирор муаммо бўлса, яхшиси, сиҳатгоҳларни танланг. Ҳам дам оласиз, ҳам кераклича даволанишингиз мумкин. Оилавий саёҳатларга чиқишдан аввал ҳордиқ учун гардеробингизни кўздан кечиришни унутманг. Эҳтимол сув ҳавзалари ёки тоғ сайрлари учун либосларингизни янгилаш керакдир.
Август
Гардеробингизни янгиланг!
Аҳамият берган бўлсангиз, ёзнинг сўнгги ойида либос дўконларида чегирмалар эълон қилинади. Бу сиз учун қулай имконият. Аввалига гардеробингизни кўздан кечириб, нималар кераклигини чамалаб олинг. Бироқ куз ойлари яқинлигини ҳам унутманг. Одатда ёзнинг сўнгги ойида урф бўлган либослар кейинги мавсумда ҳам долзарб бўлади. Дарвоқе, бу ойларда қишқи пўстинларнинг нархи бирмунча арзон бўлар экан. Агар қулай ва арзонроқ нархдаги қишбоп кийимларни харид қилишга тўғри келса, бемалол дўконларга йўл олаверинг. Бироқ урфга мос кийинишни ёқтирсангиз, қиш келишини кутишдан бошқа иложингиз йўқ.
Сентябрь
Қишга ҳозирлик кўрамиз!
Сентябрни янги иш мавсуми дея бежиз айтишмайди. Мактаб ўқувчисидан бошлаб идора ходимигача янги иш-ўқув мавсумини бошлайди. Уй бекалари учун эса бу сабзавотлардан тузламаю икралар, турли шарбатлар ёпиш ойлиги. Тўғри, қиш ғамини ҳозир ўйласак, ўзимизга яхши-ю, бироқ бор вақтингиз ошхонада ўтмасин-да! Илиқ кузги ҳавода дугоналарингиз билан учрашинг, иложи бўлса, спорт машғулотларига қатнанг. Асосийси, ўзингиз ҳақингизда ҳам унутиб қўйманг!
Октябрь
Мавсум тайёргарлиги
Кузги кийимларни ҳам жавондан олаверсангиз бўлади. Бу ёғига кунлар бироз салқинлашиб, иссиқ кийимларга эҳтиёж сезасиз. Балки кузги гардеробингизга куртка ёки плашч харид қилишни ўйлагандирсиз. Бу ойда уй тозалаш воситалари, рўзғор учун керакли анжомларни харид қилсангиз, ютқазмайсиз. Кузги пойафзаллар учун мойли суртмалар ҳам ёдингиздан чиқмасин. Одатда октябрь ойида турли касалликлар авж олади. Сизнинг вазифангиз ўзингиз ва оила аъзоларингиз саломатлигига ниҳоятда сергак бўлиш. Чунки ҳаво ҳарорати дам иссиқ, дам салқин бўлиши туфайли касалланиб қолиш ҳеч гап эмас.
Ноябрь
Қишни қаршилашга тайёрмисиз?
Бу ойда қишга ҳозирликни бошлаш лозим. Дастлаб уйингиз хоналарини бир-бир кўздан кечиринг. Эҳтимол эшик, ромлар орасида ёриқлар пйдо бўлгандир? Хона иссиқлиги қандай? Бордию бирор муаммони пайқасангиз, дарҳол бартараф этишга киришинг. Бунда сизга турмуш ўртоғингизнинг ёрдами асқотади. Фарзандларингиз уст-бошида камчиликлар йўқми, шуларга ҳам аҳамият беринг. Қиш кунларида муаммога дуч келмаслик учун иссиқ кийим ва пойафзаллар харидини кечиктирманг.
Декабрь
Байрам шукуҳи!
Ой бошиданоқ Янги йилни қандай кутиб олишни яқинларингиз билан режалаштириб олсангиз, шунга қараб қолган ишларингизни бажаришингиз мумкин. Байрамга совғалар олиш учун ой бошидан оз-оздан пул жамғариб боринг. Байрам дастурхони учун янгича рецептлардан йиғиб борсангиз, ой охирига келиб, “Нималар қилай?” деган савол ташвишга солмайди. Янги йилда янада гўзал ва латофатли кўриниш учун олдиндан гўзаллик салонларига ёзилиб қўйинг. Соч турмагингиз, имиджингизни ҳам имкон қадар бир сидра ўзгартирсангиз, янада яхши. Бу йилги байрамни ҳар доимгидан бошқача кутиб олиш учун оилавий ўйинлар, машғулотлар ўйлаб қўйинг. Унга қадар дам олиш кунларида тоғли масканларда мазза қилиб чанғи учиб, ҳордиқ чиқаришингиз мумкин.
Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади