1

2017 йил учун буржлар бўйича тўлиқ башорат

СУҒДИЁНА 03.01.2017, 12:05
Теглар: SUGDIYONA, Янги йил
2017 йил учун буржлар бўйича тўлиқ башорат

Инсон ўз тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин ва шарт! 2017 йил – товуқ йили. Товуқнинг ранги эса қизил эмиш. Бу давр ранг-баранглиги, воқеа ва тассуротларга бой бўлиши билан ажралиб туради. Муҳими, барча ўзгаришларга файласуфона оқиллик ва хотиржамлик билан ёндашишингиз талаб этилади. Аммо шошиш керак эмас, йил туҳфа этажак ёрқин таклифлардан айнан сизга мосу хосини танлаш лозим. Қуйида 2017 йил учун тузилган энг тўлиқ башоратни эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда ҳаётингизнинг барча жабҳалари – касбу корингиздан тортиб, шахсий ҳаётингизгача таҳлил қилинган. Агар мазкур маълумотлардан ўзингиз учун тўғри хулоса чиқара билсангиз, демак марра сизники, ҳатто муаммоларни ҳам ўз фойдангизга ҳал қила оласиз!

ҲАМАЛ

«Синовлардан ўтдингиз, энди ҳаммаси яхши бўлади...»

Ўтиб бораётган йил сизни кўп нарсаларга ўргатди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтдингиз. Демак, қилган меҳнатларингиз мукофотланади. Ишни эса зарарли одатларни ташлашдан бошланг. Уларнинг аксариятидан ўтаётган йилда қутулгансиз, энди қолганларидан ҳам озод бўлинг.

2017 йилнинг боши «ҳамал»ларга кўплаб имкониятлар беради. Агар турмуш қурмаган бўлсангиз, никоҳ ришталари билан боғланишингиз учун таклифлар кўпаяди. Карьера масаласи ҳам шу. Аммо ўзингизни иш билан ўта банд қилиб кўрсатаверинг, бу билан уларни янада қизиқтириб қўясиз.

Баҳорда ҳам бахтлилар қаторидан чиқмайсиз. Ёзнинг ўрталарига келиб товуқ секингина чўқиб қўйиши мумкин – ҳамкорларингиз ёки дўстларингиз қилиқ чиқаришлари эҳтимоли бор. Бу синовдан эсон-омон ўтиб оласиз. Омадли эканингизга ишонинг ва тақдирдан нолиманг. Агар хотиржамликни қўлдан бой бермасангиз, молиявий томондан ютасиз.

Ёзнинг ўрталарида оила ёки карьера, деган танловни амалга оширишингизга тўғри келади. Вазиятни яхшилаб тарозига солинг. Агар иккинчисини танласангиз, оила аъзоларингизни шунга тайёрланг, уйда камроқ бўлишингизни яқинларингизни молиявий жиҳатдан анчайин қўллашингиз билан оқлайсиз. Муносабатларни мустаҳкамлаш учун эса оилангиз аъзолари учун ёддан чиқмайдиган таътил уюштиринг – август саёҳат учун жуда қулай. Шунда кузда  яна ўзингизни буткул ишга бағишлайсиз.

Сентябрда сизнинг режа ва ғояларингизга атрофингиздагилар қойил қолишади. Ўз меҳнатингиз натижасининг рекламаси билан шуғулланинг, ҳатто рақобатчиларни ҳам бунга жалб қилишингиз мумкин. Октябрда тўғри йўлдан кетаётганингизни тушунасиз, аммо муваффақият бошингизни айлантириб қўймаса бўлгани. Ўзингизни ташлаб қўймасангиз, йилнинг охиригача омад сиздан юз ўгирмайди.

Муҳаббат

Хатоларингизни тўғрилаб, суйган инсонингиз билан  муносабатларни тиклайсиз.

1-декада (21.03-30.03) туғилган «ҳамал» лар учун ҳали оила қуриш даври келмади, аммо оилилар фарзанд кўриш масаласида ўйлаб кўришлари мумкин. 2017 йили туғилган болалар чиройли ва иқтидорли бўладилар.

2-декада (31.03-10.04) «ҳамал» лари эса бировларнинг туйғуларини ўйин қилмасликлари керак, шунчаки қарши бурж вакилларининг эътиборидан баҳраманд бўлинг.

3-декада (11.04-20.04) да дунёга келган бурж вакиллари ҳаётга болаларча беғубор қаршлари билан ўзларига мафтун этадилар –уларни ўз қаромоғига олишга тайёр инсон топилади. Аммо болаликка берилиб кетманг, тўпалон қилсангиз, жазолашади, ахир. Ўзгаришга қарор қилсангиз, мустаҳкам оила қуришга муваффақ бўласиз.

Бизнес

2017 йил таваккал қилишингизга тўғри келади, бундан қўрқманг, ахир ҳозир етти ўлчашга вақт йўқ, биттада кесиб кетадиганлар кўп. Пул масаласида қийналмайсиз.

1-декада. Ақлий меҳнатда барака топасиз. Каттароқ пул тушса, уни ақл билан ишлатинг, майда-чуйдаларга сарфламанг. Янги лойиҳалар омад келтиради.

2-декада. Ишингизни охирига етказишга сабрингиз етмайди. Шундай бўлса-да, керакли ва фойдали танишлар орттирасиз. Янги ҳамкорлар ишингизнинг бир қисмини бўйинларига олишади, сиз эса бошқариб турсангиз бўлгани.

3-декада. Кўнглингизга ёққан соҳада меҳнат қилсангиз, юқориларга кўтариласиз, аммо сизга ғайрлик қиладиганлар билан мулоқотингизни чекланг, оғзингизга эҳтиёт бўлинг, режаларингиз билан ўртоқлашманг.

Оила

Турмуш шароитингиз яхшиланади.

1-декада. Турмуш ўртоғингизни мақтаб турсангиз, нафақат муносабатларни мустаҳкамлайсиз, балки унинг муваффақият қозонишига ҳам туртки берасиз. Биргаликда турли тадбирларга боринг, чақирилган жойдан қолманг.

2-декада. Сизни ҳурмат қилишлари учун, оила аъзоларингизга намуна бўлинг. Айниқса фарзандларингизга дўст бўлишга ҳаракат қилинг. Оила бошлиғи, деган ниқобингизни ечиб, бироз шўхлик қилсангиз, ҳаётингиз қувончга тўлади.

3-декада. Иқтидорингизни уйда ҳам намойиш этинг. Айниқса таъмирлаш ишларида бу асқотади.

Саломатлик

Кўпроқ дам олинг, вақтингизни аямай, кўпроқ  табиат қўйнига чиқинг.

1-декада. Шифокорларнинг тавсияларига амал қилинг, сал мазангиз бўлмадими, тиббий мутахассис текширувига ошиқинг. Ҳар нарсада меъёрни билсангиз, бутун йил бардам-бақувват бўласиз.

2-декада. Спорт билан шуғулланинг. Энг катта душманингиз – эринчоқлик. Дўстларингиз, яқинларингиз билан бассейнга боринг, йога билан шуғулланинг.

3-декада. Кун тартибига риоя қилинг. Ортиқча вазндан қутилсангиз, фақат фойда бўлади. Таомномангизни қайта кўриб чиқинг.

Болалар

Ёш «ҳамал» лар товуқ йилида мустақил бўлишга ҳаракат қиладилар. Демак ота-оналар ҳар қандай вазиятда ҳам фарзандлари ўзларини эркин ҳис қилишларини таъминлашлари керак.

САВР

Омад сиз томонда!

Иш юзасидан турли таклифлар кўплигига қарамай, юқорига кўтарилишингиз қийинроқ бўлади, ахир тепага чиқадиган пиллапоялар узун-да. Шундай бўлсада “энг омадли бурж вакили” танловида ютишингиз ҳеч гап эмас.

Февраль ойидан бошлаб сизнинг кўнглингизни овлашга интилганлар сони бир неча бараварга кўпяди. Сабр билан улардан қутилишни ўрганинг. Аммо мартга келиб, ҳаммаси жойига тушади, негаки қўп вақтингизни ишда ўтказасиз. Ишдаги муваффақиятларингиз яқинларингиз билан муносабатларга таъсир қилиши мумкин, шу боис уйга вақтида келишни канда қилманг.

Баҳор ўрталарида қариндошлар ташрифи кўпаяди. Бозор-ўчар қилиб қўяверинг. Қариндошларингиз эса таъмирлаш ишларига ёрдам беришади, хонадонингз қасрга айланади. Июнь ойида “савр”лар янги фаолият турида ўзларини иснаб кўришга қарор қиладилар. Ҳаётингизда  бой ва нуфузли ҳомийлар пайдо бўлади – уларнинг ёрдамидан фойдаланинг.

Ёзнинг охирида иқтидорингизни намоён қилишга муваффақ бўласиз. Оилали бурж вакиллари ёрлари билан мулоқотдан роҳатланадилар, турмуш қурмаганлар эса ўз муҳаббатларини учратадилар. Ҳа, ўша сиз узоқ йиллардан бери кутган улкан муҳаббат келади!

Кузда таътилга чиқинг. Икки ҳафта курортда дам олиб келсангиз, ишонинг, осмон узилиб ерга тушмайди. Ғамхўр ва меҳрибон товуқ ишларингизни барқарорлигини таъминлайди.

Октябрнинг ўрталарида рақобатчилар фаоллик кўрсатадилар, шунда бой-бадавлат ҳомийларингиз яна ёрдамга келадилар-у, бемалол ишингизни давом эттираверасиз. Ҳорижий ҳамкорлардан таклиф тушса, кўп тарозига солаверманг, бундай имконият ҳар кимга ҳам берилавермайди. Барчаси фаоллигингизга боғлиқ. Ҳамкорлик узоққа чўзилади, натижада дунё кўрасиз. Ишингиздаги муваффақиятлар яқинларингиз билан муносабатларни мустаҳкамлайди. Меҳнат сафарларида зерикмайсиз, ишингиз кўп бўлади ва у сизга роҳат олиб келади, бунинг устига маоши ҳам сизни қувонтиради. 

Муҳаббат

Товуқ йили ҳисларингизни тафтиш қилиб, ёрингиз билан муносабатлар қуришга ўрганишингиз учун қулайдир.

1-декада (21.04-30.04)да вакиллари севги уммонида сузадилар, муҳими баъзан бошни кўтариб, атрофга назар солиб турсалар бўлгани. 2017 йили эртакдек ўтади, негаки турмуш ўртоғингиз сизни совғаларга кўмиб ташлайди. Сиз ҳам меҳрибон сеҳргар ниқобини кийиб кўрсангиз зарар қилмайди, фантазиянгизга кўп нарса боғлиқ.

2-декада (1.05-10.05)да туғилган “савр”ларнинг болалардек беғуборликлари билан жуфтларини мафтун этадилар. Аммо жиддийликни йўқотманг. Йўқ дейишни ҳам ўрганмасангиз бўлмайди.

3-декада (11.05-20.05). Оилали бурж вакиллари жуфтларининг рашкини келтирмаганлари маъқул бу яхшилик билан тугамайди. Ҳиссиётларни янгиламоқчи бўлсангиз, ёрингиз билан уйдан ташқарида учрашиб, янги тассуротлар оғушига отланинг.

Бизнес

Товуқ йилида ҳар қандай янгилик қўллаб-қувватланади, демак, қўрқмай ҳаёлингизга келган ишларни амалга оширинг.

1-декада. Қоидаларга риоя қилиш одатингиз бу йил омад келтиради. Ҳар қандай бошлиқ ҳам  унинг жамоасида ишлашингизни истайди. Ахир “савр”лардек масъулиятли ва ақлли ходимни топиш қийин-да. Бир зумлик фойдага учманг, секин, аммо барқарор ўсиш йўлини танланг.

2-декада. Керакли одамларни ўз тарафингизга тортиб оласиз. Пул ҳам сизга ўзи учиб келаверади, гўё. Ўзингизни йўқотиб қўйманг, яхшиси, пулларни мустаҳкам сақлаш йўллари ҳақида бош қотиринг.

3-декада. Келаётган йил даҳо ёки таваккалчига айланишингиз атрофингиздагиларга боғлиқ. Шунинг учун маслаҳат бера оладиган инсонлар билан мулоқотда бўлинг. Орасталигингиз ва таҳлил қила билишингиз ёрдамга келиб, ҳар қандай ишда муваффақият қозонасиз.

Оила

Атрофингиздагилар сиз учун нима керак эканлигини ҳал қилишларини кутманг. 
Вазиятни қўлингизга олиб, ҳаракат қилинг – яқинларингиз сиздан масъулиятни кутмоқдалар.

1-декада. Қоидаларга риоя қилиб яшаш баъзан одамни зериктиради. Ўзингизга ва яқинларингизга кўпроқ эркинлик беринг, оилавий байрамлар уюштиринг, шунда бутун йил ажойиб ўтади.

2-декада. Озроқ пул, бироз фантазиянгизни ишга солсангиз, уйингиз таъмири битади. Бунинг устига яқинларингиз бу борада режалар тузиб қўйишган. Янгиланган уйда ҳаётингиз янада қувончга тўлади.

3-декада. Жуфтингиз билан муносабатларни мустаҳкамлаш даври келди. Романтикани қайтаришга ҳаракат қилинг, кўпроқ жилмайинг. Кутилмаганда табиат қўйнига чиқишлар уюштиринг.

Саломатлик

Соғлиғингиз билан жиддий муаммолар туғилмайди, аммо организмингиз бераётган сигналларга қулоқ тутинг.

1-декада. Спорт билан шуғулланинг, лекин профессионал спортчи бўлмасангиз жуда берилиб кетманг. Ҳафтада бир неча бор парҳез тутинг.

2-декада. Тажрибалар ўтказишдан қўрқманг. Юзингизга янги ниқоблар қилинг, косметик муолажалар кўламини кенгайтиринг. Озиш мақсадида парҳез тутманг, қоматингиз шундоқ ҳам ҳавас қилгудек.

3-декада. Дам олиш дегани – каравотда чўзилиб ётишни англатмаслигини унутманг. Велосипед ҳайданг, кўпроқ пиёда сайр қилинг. Асабийлашманг.

Болалар

Жажжи “савр”лар ўз ёшларига нисбатан ўзларини жиддий тутиб, сизни ҳайратлантирадилар. Фарзандингизни кўпроқ мақтаб, унинг фикрини ҳурмат қилинг.

ЖАВЗО

Ҳадемай тўй, тайёр туринг!

Шўх маймун йилида якунлай олмаган ишларингизни охирига етказишга муваффақ бўласиз. Йилни хуш кайфият билан ўтказасиз.

Муваффақиятларингиз бошингизни айлантиришни февралданоқ бошлайди. Баҳорнинг бошида ғолиблик нашидасини сурасиз. Фақат ишда эмас, шаҳсий ҳаётингиз ҳам ранг-баранг бўлади. Бироқ ҳаволаниб кетманг, жиддийликни йўқотмасангиз, ҳаммаси ажойиб бўлади.

Апрелда, ҳатто май ойида ҳам кўпроқ дам олинг. Меҳмондорчиликлар уюштиринг, жуфтингиз билан шам ёғдусида суҳбатлар қуринг. Муҳими фақат яқинларингиз атрофингизда бўлсин. “Керакли” одамлар билан учрашувларни ёзга қолдиринг. Июнда кучга тўлиб, ишга киришинг. Ой бошида молиявий жиҳатдан юқори чўққиларни забт қиласиз. Бошқарувни қўлдан бой берманг, ҳамма нарсани шахсан назорат қилинг.

Июль ойи музокаралар ва битимлар учун мос. Шаҳрингизнинг энг кўзга кўринган бойлари сизга диққатини қаратади. Ахир ишга ўзгача ёндошувингиз уларни ҳайратга солгани рост-да. Ички ҳиссиётингиз туфайли ёзнинг ўртасида мисли кўринмаган ишларни амалга оширишга муваффақ бўасиз. Иш билан бўлиб, оилангизни унутманг. Ёз тугамай бола-чақангиз билан таътилга чиқинг. Узоқ сафарлар сизни кутмоқда.

Сентябрь – имтиҳон даври бўлади сиз учун. Бу энди ҳазил эмас. Тажрибангизга таянинг, синалган ҳуқуқшуносларга мурожаат қилинг, муҳими қонун доирасидан четга чиқманг. Куз охирида уйингизга келган қариндошларингиз жуфтингиз билан муносабатларингизга путур етказиши мумкин. Аммо жаҳл қилиб, уйга кеч келишни одат қилманг, аксинча табассумингизни улардан аяманг. Қариндошлар ҳам кераклигини унутманг.

Декабрда янги лавозимли бўласиз. Энди шошқалоқлик ва беҳуда уринишларга чек қўясиз. Йил бўйи олган даромадингизни ҳам бир сананг, кўнглингиз тўлиши аниқ. 

Муҳаббат

Севги сизни кутилмаган вазиятларда мавҳ этиши мумкин. Шунга тайёр бўлсангиз бас.

1-декада (21.05-30.05). 2017 йили сиз истаганингиздек ёрқин бўлиши мумкин. Сизга севги изҳор қилиб юрган ошиқларингизни йўқ қилишингиз ҳам эҳтимоли бор. Аммо оила қурмоқчи бўлсангиз, қизил товуқ буни икки қўллаб қувватлаши аниқ. Яна кўнглингизга қаранг...

2-декада (31.05-10.06). Муносабатларни чигаллаштириб юборманг, айниқса жуфтингизнинг инжиқликларини жиддий қабул қилманг. Жуфт танлашда фақат ташқи кўринишига аҳамият берманг, ақл жиҳатдан ҳам тенгингиз бўлсин. Акс ҳолда тўйдан бир ой ўтибоқ нима ҳақида гаплашишни билмай қоласиз.

3-декада. Шу йил роса очилиб кетасиз. Бу жуфтингизни осон топишингизга ёрдам беради. Чиройли кийиниб, турли тадбирларга боришни канда қилманг. Ақлу фаросатингиз билан барчани мафтун этасиз.

Бизнес

Тадбиркорликда сиздан ўтадигани бўлмайди.

1-декада. Иқтидорингизни ишга солиб, бизнесда ўзингизни синаб кўринг, рақобатчилардан қўрқманг. Асосий ишингизни ҳозирча ташламанг, пулингиз етарли бўлса ҳам, барқарорлик ҳам ҳалақит бермайди.

2-декада. Турли соҳаларда ишлаб кўринг. Қўрқманг, ютқизмайсиз. Топганингиз рўзғорга ҳам, дам олишингиз учун ҳам етади.

3-декада. Йилнинг бошида маошингизни кўтаришларини сўраб, раҳбариятга мурожаат қилинг, улар илтимосингизни рад қилишмайди. Балки лавозимингизни ошириш масаласини ҳам кўриб чиқишар. Бўш вақтларингизда севимли хоббингиз билан шуғулланинг. Кутилмаганда у сизга даромад олиб келиши ҳеч гап эмас.

Оила

Оилани биринчи ўйинга қўйинг, турмуш ўртоғингизга кўпроқ вақт ажратишга қаракат қилинг.

1-декада. Уй шароитингизни яхшилайсиз, хонадонингизга турли жиҳозлар харид қиласиз. Жуфтингизнинг қариндошларидан кутилмаган молиявий ёрдам келиши мумкин. Меҳмондўстликни унутманг.

2-декада. Оилангиз аъзолари сизни қўярга жой тополмайдилар. Сиз эса худбинликни йиғиштириб, уларни совғалар билан эркалатинг. Табиат қўйнида оилавий дам олишни ҳам унутманг.

3-декада. Сизнинг кўтаринки кайфиятингиз атрофингиздагиларга ҳам таъсир этади. Оддий рўзғордаги муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беринг, бандлигингизни рўкач қилаверманг. Уйдаги майда таъмирлаш ишларини бажариш сизнинг вазифангиз, эртами, кечми уларни қилишингизга тўғри келади.

Саломатлик

Ортиқча юкламаларан эҳтиёт бўлинг – бўғимларингизни асранг. Тўғри таомланиш тамойилига амал қилинг.

1-декада. Жигарингиз безовта қилиши мумкин. Ёғли таомлар, спиртли ичимликлар истеъмол қилманг. Дудланган гўшт ва колбаса маҳсулотларини ҳам чегараланган миқдорда тановул қилинг.

2-декада. Дардингизни ичингизга ютманг. Айрим ҳолларда уни бақириб чиқариб юборган маъқул. Ахир асаб пўлатдан ясалмаганку. Муаммоларингизни яқинларингизгагина айтинг.

3-декада. Зарарли одатларингиздан воз кечинг. Буни ҳеч қийин жойи йўқ, муҳими қарор чиқариб, унга амал қилсангиз бўлди.

Болалар

“Жавзо” болажонларнинг қизиқувчанлиги чегара билмайди. Уларнинг барча саволларига жавоб беришга тайёр бўлишингиз керак. Ўз устингизда ишланг, «ҳа» ёки «йўқ» деб улардан қутулолмайсиз.

САРАТОН

Ниятни катта қилаверинг, муваффақиятга эришасиз!

Ишонч билан айтишимиз мумкинки, қизил товуқ йили сизни ўз ҳимоясига олади. Шошилишни ётқирмайсиз, биламиз. Шундай экан, декабрда бу одатингиздан воз кечманг, йилнинг бошида муаммолар ўзидан-ўзи ҳал бўлаверади. Ишхонангизда вазият барқарор, раҳбарларнинг сизга муносабати яхши. Хотиржамлик билан ҳаёт ҳақида фикр юритинг, келажак борасида орзуларга берилинг.

Февралда тезликни оширганингиз маъқул, акс ҳолда энг зўр жойларни эгаллаб бўлишади. Раҳбарингизга, «менга бўлим бошлиғи лавозимини беринг, эплайман» дейишингиз мумкин. Бу шахсий ҳаётга ҳам тааллуқли. Бўлажак жуфтингиз, сизга эътибор қаратмай ўтиб кетишини истамасангиз, янги либослар харид қилгани дўконларга ошиқинг, гўзаллик салонларини ҳам четлаб ўтманг.

Баҳорнинг бошида тадбиркорлик соҳасидаги иқтидорингиз бўй кўрсатади. Шу иқтидорингизга ишонсангиз, ҳар куни сандиқ-сандиқ пулга эга бўласиз. Иш жараёнида юзага келган фикрларингизни ёзиб боринг, бу ёзувларингиз яқин-ўртада керак бўлиб қолади.

Май ойида дам олинг. Шу пайтда харид қилган хорижга йўлланмангиз ҳам арзонга тушади, ҳам маза қилиб хордиқ чиқарасиз. Июнь ва июль берган кенг имкониятлар туфайли улкан натижаларга эришасиз. Атрофингиздагиларни бир кўздан кечиринг, сизга кўмаги тегиши мумкин бўлган пиар мутахассислари ва ҳуқуқшунослар танишларингиз орасидан топилади.

Августда саломатлигингизга эътибор қаратинг. Даволовчи шифокорингиз ҳам сизни соғиниб қолгандир. Бу борада эринчоқлик қилмай, текширувлардан ўтинг.

Сентябрь учрашув ва танишувлар ойи. Ҳаммасига улугуриш мушкул. Муҳаббат ҳаяжонлари сизни ишдан чалғитиши ҳеч гап эмас. Тезроқ ишга қайтинг, бошлиғингиз сизни кечиради.

Октябрь ва ноябрда янги жомадон ҳарид қилинг – сафарларингиз кўпаяди. Ёрингиз сизни соғинар, аммо бунга вақтингиз бўлмайди, ишингиз кўпайгандан-кўпаяди. Меҳнаткашлигингиз боис янги лавозимга тайинлашлари ҳам ҳеч гап эмас, демак, нуфузингизга мос либослар харид қилаверишингиз мумкин. Ҳадеб ишда ушланиб қолаверишингиз оила аъзоларинингизнинг ғашини келтирмаслиги учун, уларни ҳам бирор юмуш билан банд қилиб қўйинг. Масалан, уйни таъмирлаш ишларини бошланг. Пулингиз ҳаммасига етади. Фақат бир куни ишдан келиб, уйингизни танимай қолмасангиз бўлгани.

Муҳаббат

Уйқусиз кечалар ва романтик оқшомларга тайёр туринг.

1-декада (22.061.07) да туғилган бурж вакилларининг кўнглини  саргузаштлар қумсайди. Агар турмуш қурмаган бўлсангиз, бўлажак жуфтингизни учратасиз. Оилали «саратон» лар эса турмуш ўртоқларининг хоҳиш-истакларини инобатга олишларини маслаҳат берамиз, негаки улар асоссиз рашк қилишга мойилдирлар. 

Сартон буржининг 2-декадаси (2.07-11.07) да дунёга келганлар муҳаббатларини қозониш истагидаги номзодлар ичидан биттасини танлаб олишга муваффақ бўладилар. Бирига ваъда бериб, қолганларини умидвор қилманг. Агар ҳақиқатан ҳам бўлажак умр йўлдошингизни топсангиз, тўйни бошлайверинг.

3-декада (12.07-23.07) «саратон» лари, жуфтингиз ёки ёрингизга эҳтиёт бўлиб муомала қилишни маслаҳат берамиз. Ўйламай айтган гапингиз ёки қилган ҳаракатингиз уларни ранжитиб қўйиши мумкин. Романтик саёҳатларга чиқинг. Сафарлар сизга олам-олам қувонч олиб келади.

Бизнес

Бир хиллик ва ўртамиёналик сизга тўғри келмайди. Қайси ишга қўл урманг, унда бош ролда бўласиз ва муваффақиятга эришасиз.

1-декада. Рақобатчиларни тор-мор этасиз, сизнинг салоҳиятингиз олдида улар ип эшолмай қолишади. Эгарда ўтирганингизда, сизга кўмак берганларни ҳам унунтманг. Улар ҳали яна сизга керак бўлишади. Жуда керакли ходим бўлишингизга қарамай, раҳбар билан  муносабатларда ҳурмат қоидаларига риоя қилиш кераклигини унутманг. 

2-декада. Ғояларингиз қайнаб чиқаверади ва бу мақсадга эришишингиз омили бўлиб хизмат қилса ажабмас. 2017 йилги молиявий битимлар омад олиб келади, фақат таваккал қилманг, қадамингизни ўйлаб босинг. Энг қийин вазиятларда ички сезиш хиссингизга ишонинг.

3-декада. Ҳамкорларингиз билан муносабатларингиз мустаҳкамланиб, уларнинг тавсияси билан ўсасиз. Ҳокимият тепасида туришингизга ҳеч нарса халақит бермайди. Муваффақият бошингизни айлантириб, барча танишларингиз билан дўстона муносабатларни ушлаб туролмайсиз. Пулингиз кўп бўлади, демак хайр-эҳсонни ҳам унутманг.

Оила

Яқинларингиз фикрига қулоқ тутинг, бамаслаҳат иш қилинг, муросаи мадорани унутманг.

1-декада. Оила аъзоларингизга кичик байрамлар уюшитириб туринг. Ўз навбатида яқинларингиз ҳам сиздан эътиборларини аямайдилар, уларнинг ғамхўрликларидан ўзингизни, ёш боладек сезиб қоласиз.

2-декада. Хонадонгиздаги илиқ муҳит кўнглингизни яйратади. Ишдан сўнг уйга хурсанд бўлиб ошиқасиз. Молиявий аҳволингиз ҳам оилангиздаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатади.

3-декада. Бу йил оилангизни янада фаровон қилишга бор кучингизни сарфлайсиз. Аммо бу ишда шошқалоқлик қилманг, ҳаддан ташқари ғамхўрлик ҳам оила аъзоларингни чарчатиб қўйиши мумкин.

Саломатлик

Спорт билан шуғулланинг, эринчоқликни бас қилиб, тонгги югуриш ва кечки сайрларни бошланг.

1-декада. Мушакларингиз безовта қилади. Аммо хавотирга ўрин йўқ, фақат ўз билганингизча даволанмасангиз бўлгани. Санаторийга боринг, ҳам дам оласиз, ҳам даволанасиз. Аслида, сизда хоҳиш бўлса, бас, бунга ҳеч ким қаршилик қилмайди.

2-декада. Кўп ишлаганингиз билинади, йиқилиб қолгунингизча юравериш шарт эмас. Қишлоқ ҳавосига нима дейсиз? Экологик тоза маҳсулотлар эса сизни қуватга киритади. Агар имконингиз бўлса, денгиз соҳиллари ҳам сизни кутмоқда.

3-декада. Меъёрни билинг. Зарарли газланган ичимликлар эмас, шарбат ичинг, ёғли таомлар ўрнини сут маҳсулотлари эгалласин. Спорт билан шуғулланишни унутманг, аммо унга ҳам берилиб кетманг.

Болалар

Ёш «саратон» лар ўзларини анчайин босиқ тутадилар, дўстона муносабатларига кўз тегмасин. Баъзан улар ҳаётга ҳаддан ташқари жиддий қараётганларини сезиб қоласиз, бундай пайтларда уларни кайфиятни кўтарадиган бирор машғулотга жалб этинг.

АСАД

Пулингиз кўпаяди!

Сабрли – тоқатли бўлсангиз, омад сизни ўзи топиб келади. Ҳатто ишларингиз юришиб, бир маромда кетаётганидан зерикиб ҳам кетасиз.

Февралда суюкли раҳбарингизни иш сифатини ошириш борасидаги таклифларингиз билан безор қиласиз. Ҳаракатларингиз зое кетмайди –  янаям катта маошли лавозимни қўлга киритасиз. Албатта, энди улкан режаларингизни тараннум этиш билан чекланмай, уларни амалга ошириш йўлида анчайин тер тўкишингизга ҳам тўғри келади.

Оилали бурж вакиллари сокин ва шинам хонадонларида тинч ҳаёт кечирадилар, бўйдоқлар эса осудаликни тушларида кўрадилар. Эркинлигингизга нуқта қўйилиши ҳам ҳеч гап эмас. Тўй вальсини машқ қилаверинг.

Молиявий жиҳатдан муаммолар юзага келмайди. Қанчалик ҳаракат қилманг, бор пулингизни ишлата олмайсиз. Жиддий харидлар ҳам қиласиз, дам олишга ҳам муваффақ бўласиз.

Ёзнинг бошига дам олишни режалаштираверинг. Саёҳат давомида ажойиб инсонлар билан танишасиз. Янги танишларингиздан айримлари сиёсат арбоблари ҳам бўлиши мумкин – муомалани жойига қўйсангиз, узоқ йилларга уларнинг ҳимоясида бўлишингиз таъминланади.

Июлда ижодга шўнғинг. Энг зўр ижодкорлар сизнинг асарларингиз билан танишиб, ўз иқтидорларидан иккилана бошлайдилар. Тадбиркорликда ҳам сиздан ўтадигани бўлмайди.

Яқинларингизни мустақил фикрлашларига қўйиб беринг, назоратни сусайтиринг, шунда қариндошларингиз ичида иқтидорли одамлар қанчалик кўплигига амин бўласиз.

Кузда ташқи кўринишингизни ўзгартириш учун малакали стилистга мурожаат қилинг. Шу ойлар ичида мулоқот доирангиз ўзгаради, демак уларга мос бўлишингиз керак. Бой-бадавлат олифталарни ажойиб либосларингиз билан мот қилинг. Ноябрда хизмат сафарига чиқасиз. Сафар пули маошингиздан ҳам кўплиги сизни қувонтиради.

Агар ишингиз ёқиб, бошқа шаҳарда қолишингиз аниқ бўлиб қолса, оила аъзоларингизни ҳам кўчириш масаласини декабрь ойида ҳал қилинг. Яқинларингиз Янги йилни янги шаҳарда кутиб олишларидан бахтли бўладилар.

Муҳаббат

Юрагингизга қулоқ солинг.

1-декада (23.07–03.08). Севги изҳор қилиб юрган ошиқларингиз ичидан биттасини танласангиз, ортиқча имтиҳонга ҳожат йўқ. Шу инсонга юрагингиз “жиз” этган бўлса, иккиланмай тўйга розилик бераверинг.

2-декада (04.08–13,08). Комплексларни унутинг – сиздан-да малоҳатлиси йўқ дунёда, шунда кутилмаган учрашувлар рўй беради. Ҳатто, ўтмишдаги севгилингиз пайдо бўлиб, йиллар ўтиб, янада очилиб кетганингизга ишонтиради. Бу муболаға эмас, кўзгуга қарасангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

3-декада (14.08–23.08). Рашкдан халос бўлмасангиз, ёрингиз чидолмай, ғойиб бўлиши мумкин. Жуфтингизга кўпроқ эркинлик бериб, унга ишонинг, шунда муносабатларингиз идеал бўлади.

Бизнес

Ички овозингизга қулоқ тутинг, у сизга даромад келтирадиган ишларни шипшиб туради.

1-декада. Реклама соҳасида ўзингизни синаб кўринг. Қанчадан-қанча ғояларингиз бор ахир, уларни ўзингиз ҳам санаб, адоғига етолмасангиз керак.  Сизнинг имкониятларингиздан хабар топган реклама агентликлари таклифлар ёғдира бошлайди.

2-декада. Маъмурий ишларда омадингиз чопади. Катта лавозимлар кутмоқда. Танишларингизни ишга солинг, шундоқ ҳам мувафақиятли бўладиган иш, бировнинг бир оғиз гапи билан янада тезроқ амалга ошади.

3-декада. Омадлисиз, демак барча фойда келтирадиган шартномалар чўнтагингизда. Мақтанишдан қўрқманг, ўз иқтидорингиз ҳақида бонг уринг. Қатъият ва ишонч молиявий муваффақиятингиз гаровидир.

Оила

Рахбарлигингизни ишга ташлаб келинг. Уйда яқинларингиз билан гап талашманг.

1-декада. Уй-жойингизни ўзгартириш  ҳақида ўйлаб кўринг. Каттароқ ва яхшироқ уй сотиб олсангиз, зарар қилмайди. Оила аъзоларингизнинг ҳар бирида алоҳида хона бўлишининг ёмон жойи йўқ, уларнинг дизайнерликка ҳавасларини қўллаб-қувватланг.

2-декада. Оилангизнинг ёши улуғ вакиллари – бобо ва бувиларга кўпроқ вақт ажратинг. Уларни совғалар билан сийланг. Табиат қўйнида биргаликда дам олиш муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

3-декада. Ҳиссиётга берилишдан чўчиманг – сизнинг кўнгилчанлигингизни оила аъзоларингиз тўғри қабул қиладилар. Мутолаа ё фильм томоша қилаётиб кўз ёш қилишнинг зарари йўқ, бу ҳаётингизга ранг-баранглик олиб киради. Қариндош-уруғлар йиғилиб туришига бош-қош бўлинг, фақат бу зерикарли мажбуриятга айланиб қолмаса, бас.

Саломатлик

Руҳий мувозанатингиз ҳақида қайғурсангиз, фойдадан холи бўлмайди. Ўзингизга ёқимли инсонлар билан мулоқот қилинг, дам олинг, шунда асаб тизимингиз тинчланади.

1-декада. Спорт билан шуғулланинг. Теннис ўйнанг, қарабсизки, жисмоний машғулотларсиз ҳаётингизни тасаввур қилолмай қоласиз. Спиртли ичимликлардан узоқ юринг, шунда жигар билан муаммолар келиб чиқмайди.

2-декада. Ўтаётган йил тиним нималигини билмадингиз, энди бироз тин олинг. Асад учун муҳими – парҳез ва уйқу. Фойдали маҳсулотлардан истеъмол қилиб, вақтида дам олинг. Руҳий хотиржамликда гап кўп, – гул ўстиринг, кўнглингизга ёқадиган бирор юмуш топинг. 

3-декада. Бардошингиз ва соғлигингиз ҳамиша зўрдек. Аммо тиббий текширувларни ҳам унутмаслик керак. Қабулга бугуноқ ёзилинг, ишлар кутиб туради. Зарарли одатларни ташланг, бунга барча имкониятлар муҳайё.

Болалар

Жажжи бурж вакиллари қувноқ кайфиятлари билан атрофдагиларни хурсанд қилишади. Кулавериб йиқилиб тушишлари мумкин, полга юмшоқ гиламларни тўшаб қўйинг.

СУНБУЛА

Сеп йиғаверинг, бу йил тўй!

Январь сизни ажойиб совғалари билан кутиб олади. Фақат уларни чиройли қутилардан чиқарсангиз бўлгани. Февралда ишхонангизда ажойиб воқеа содир бўлади – раҳбарингизнинг сизга муносабати ижобий томонга ўзгаради, энди қўрқмай маошингизни оширишларини сўрашингиз мумкин. Хизмат сафарлари ва фойдали битимлар тузиш одатий ҳолатга айланади, фақат уларни имзолашга улгурсангиз бас. Оилали бурж вакиллари ҳам зерикмайдилар, тез орада уйга янги меҳмон келиши ҳақида хабар эшитишади.

Турмуш қурмаганлар ҳам хотиржам ўтиролмайдилар – жозибангиз ошиқларингизни ақлидан оздиради. Совчи кутавериб, безор бўласиз.

Баҳор шоду ҳуррамликда ўтади. Апрель ва май ойларида турли мусобақа ва танловларда иштирок этишга аризалар топшираверинг – сиз, албатта, ғолиб бўласиз! Лотерея билетлари ҳам ҳарид қилишни унутманг.

Ёзда дам олинг. Сафар уюштиринг, боғингизда ишланг. Уч-тўрт кунга болажонларингизни бувижонларига ташлаб, саёҳатга отланишни маслаҳат берамиз.

Кузда, ҳордиқдан сўнг ўзингизни буткул ишга бағишланг. Ҳамкасбларингизу ҳамкорларингиз сизнинг оламшумул ғояларингизсиз зерикиб қолишди ахир. Уларнинг ҳаёти зерикарли бўлмасин  десангиз, режаларингиз билан ўртоқлашинг, аммо барча сиру асрорларингизни ошкор қилманг.

Октябрда эски танишларингиздан бири ажойиб таклиф билан чиқади. Агар шу кишига ишонсангиз, унинг таклифига кўнинг, ҳатто қалтис тадбирни амалга ошириш керак бўлса-да.

Ноябрь ойида ёрингиз билан муносабатларингиз мустаҳкамланади, агар турмуш қурмаган бўлсангиз, тўйга тайёргарлик кўраверинг. Акс ҳолда, танлаган инсонингиз кутишдан чарчаб, сизни тинч қўйишга қарор қилиши мумкин.

Декабрь ойида қадрдон дўстларингиз билан учрашасиз, ҳамкасбалрингиз билан муносабатларингиз янада яхшиланади, шу даражадаки, ҳатто, уларни Янги йилга меҳмонга чақириш истаги пайдо бўлади. Бу истагингизни бир амалга ошириб кўринг, маза қиласиз!

Муҳаббат

Ишқ найзаси тўппа – тўғри нишонга тегиши мумкин бўлса-да, эҳтиёт бўлинг, ҳазиллашиб отилган бўлмасин тағин.

1-декада (24.08-2.09). Сиз мағлуб бўлиш учун яралмагансиз, муҳаббат борасида ҳам шундай. Бўлажак ёрингизни дарров бошқалардан ажратиб оласиз, ўзингизни йўқотмай, дарров ташаббусни қўлга олинг. Шунда севгингизни ҳис қилган жуфтингизнинг юраги эрийди.

2-декада (3.09-13.09). Инжиқлик қилаверманг, севган инсонингизнинг гапларига қулоқ тутинг. Агар эркин қуш бўлсангиз, тўрингизга қарши жинс вакилларининг энг сарасини илинтиришингиз мумкин, аммо бўйдоқликдан воз кечишга тайёрмисиз?

3-декада (14.09-23.09). Ўз жуфтингини топиш учун бироз ҳаракат қилишингизга тўғри келади. Олма пиш деган билан оғзингизга тушавермаслигини биласизку. Кўпроқ  турли тадбирларда иштирок этинг, шаҳар кезинг. Уни, албатта, топасиз.

Бизнес

Қўл урган соҳангизда муваффақият қозонасиз. Фермерликми, қўшиқчиликми, кимё саноатими, барибир.

1-декада. Ноанаъавийликка мойилсиз – ўқитувчилик ёки ижодий иш билан шуғулланинг. Пулга қўлнинг кири деб қарасангиз-да,  ундан тақчиликни сезмайсиз.

2-декада. Жамоат ишларида ўзингизннинг бор имкониятларингизни намоён этасиз. Бошқалардан ажралиб туришдан чўчиманг. Реклама соҳасида, айниқса, омадингиз келади.

3-декада. Дарров ишга шўнғиб кетишингиз қийин бўлади, аммо киришсангиз, ғалабалар ёғилаверади. Эътироф ва эътиборга тайёр туринг. Даромад олганингизда қийналиб қолган яқинларингиз ҳақида унунтманг.

Оила

Хонадонингизда тинчлик ва осудалик ҳукм суради, аммо ўзингизни бўш қўя кўрманг. Оила аъзоларингизни зериктирмаслик ҳам сизнинг вазифангизга киради.

1-декада. Сафарда кўп бўлганингиз боис, рўзғор ташвишлари оилангиз аъзоларига тушади. Уларни молиявий жиҳатдан қўллаб турсангиз, сизнинг йўқлигингиздан нолийверишмайди. Шўхликда тенги йўқ, болаларингиз тарбияси ҳақида унутманг.

2-декада. Уйингиз шинамлигига эътибор беринг. Кўпроқ меҳмон таклиф қилинг, оилавий тадбирлар уюштиринг. Шунда хонадонгизга барака ёғилади.

3-декада. Оила аъзоларингиз билан биргаликда саёҳат қилинг, шунда янгидан-янги тассуротлар сизни зериктирмайди, яқинларингиз билан муносабатларингиз эса мустаҳкамланади. Катта авлод вакиллари билан тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин, уларни тушунишга ҳаракат қилинг.

Саломатлик

Соғлиғингизни эҳтиёт қилинг, ўзбошимчалик билан даволанманг.

1-декада. Таомланишга аҳамият беринг. Шўрва ва бўтқалар айни муддао, мева – сабзавотлар эса дастурхонингиздан узилмасин.

2-декада. Оёқларингиз алоҳида парваришга муҳтожлигини  унутманг, махсус ванначалар қилиб уларни чарчоқдан холи қилинг. Янги кроссовка харид қилинг, югуришни бошлаш даври келди. 

3-декада. Компьютернинг қаршисида ҳадеб ўтираверманг. Ўз вақтида ётиб, дам олишни одат қилинг. Ётишдан аввал суратларга изоҳ ёзгандан кўра, тоза ҳавода сайр қилинг. Тинчлантирувчи доривор ўтлардан ичиб туринг.

Болалар

Кичкинтойлар бу йили фантазияларининг бойлиги билан ажралиб туришади. Агар ёлғон аралаштириб гапирсалар, уларни зинҳор койиманг, аксинча улар билан биргаликда эртаклар тўқинг.

Батафсил >>>

Шарҳлар

Ўзбекистон бош арчаси қаерда ўрнатилгани маълум қилинди (видео)

10.12.2021, 10:32

Ҳар йили узоқ кутиладиган Янги йил айёмига саноқли кунлар қолди. Тошкентда эса байрам тантаналарини нишонлаш учун тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган.  Энг баланд саналган юртимизнинг...
Янги йилни яна қорсиз кутиб оламизми?

27.12.2019, 17:33

Инсонлар Янги йил байрамини одатда қорли совуқ об-ҳаво билан кутиб олишни хоҳлайдилар.Бироқ бошқа жанубий ўлкалар каби Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳар доим Янги йилни қор билан...
Қашқадарёда “Энг яхши янги йил манзараси” танлови бошланди. Илк иштирокчи "InFinBank" (фото)

17.12.2019, 22:10

Қашқадарёдаги ташкилот, корхона ва муассасалар биноларини янги йил арафасида байрамона безалганлик даражасини аниқлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан “Энг яхши янги йил манзараси” танловига старт берилди,...
Тошкентнинг асосий Янги йил арчаси одатдагидан эрта ўрнатила бошланди (фото)

26.11.2019, 17:14

Истиқлол кўчасидаги Алишер Навоий номидаги кутубхонада ёнида одатдагидан кўра эрта Тошкентнинг асосий янги йил арчаси ўрнатила бошланди.Даракчи.уз таҳририятига юборилган суратлардан кўриниб турибдики, Арчанинг каркаси ўрнатиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1