АсосийSUG'DIYONA

Қишда юз парваришининг энг муҳим 6 қоидаси

Қишки тери муаммолари ҳар бир аёлга яхши таниш. Уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун қуйидаги чораларни эътиборингизга тақдим этамиз. Фойдаси тегади деган умиддамиз.

1. Лаблар ёрилмасин десангиз…  

Қиш кунлари намлантирувчи лаб бўёқларидан фойдаланманг. Бу восита ҳудди ялтираб тутувчи лаб бўёқлари сингари лабни қуритиб юборади. Кунлар совий бошлаши билан ҳар бир аёлнинг ёнида олиб юрадиган воситалари қаторига гигиеник лаб бўёғи бўлиши лозим. Агар лабингиз аллақачон қуруқлаша бошлаган бўлса, шакар ва ўсимлик мойидан тайёрланган скрабдан фойдаланинг.

2. Ажин тушмаслиги учун

Биласиз, инсон танасида сув жуда муҳим аҳамиятга эга. Қиш кунлари фойдаланадиганимиз турли иситгичлар эса нафақат хонадаги, балки теримиздаги намликни ҳам буғлантириб юборади. Ҳеч эътибор берганмисиз, кумуш фаслда уйқудан уйғонгач, бурун қуруқлашиб қолади. Бу хонани намлантириш кераклигининг энг асосий белгиларидан бири. Энди махсус мослама харид қиларканман-да деб, куюнманг. Албатта, мосламангиз бўлса, нур устига аъло нур, бироқ имкон тополмасангиз, қўлбола усуллардан фойдаланишингиз мумкин. Шунчаки токчага бирор тоғорача ёки оғзи очиқ идишда сув қўйиб қўйсангиз кифоя. Ҳа айтгандек, терим қуриб қолаяпти, деб намлантирувчи кремлардан фойдаланишга ошиқман. Хонадаги қуруқ ҳаво таъсирида бундай кремлар юзингиздаги бор намликни шимиб, аҳволни янада ёмонлаштириши мумкин. Теридаги сувнинг буғланиб кетиши ажинларни келтириб чиқаради. Ҳа айтгандай, энг асосийси, ёддан кўтарилмасин. Энди керак бўлса ёздагидан-да кўпроқ сув ичишга ҳаракат қилинг.

3. «Қандай крем танлай?»

Юз парвариши учун қишки крем танлаш ўзига яраша масъулиятли жараён. Бунда биринчи навбадта махсулотнинг қадоғига диққат қиласиз. Агар маҳсулот таркибий қисмининг биринчи сўзи мой (oil) бўлса, бу айнан қишда асқатадиган восита. Чунки табиий мойлар терини ташқи совуқдан, шамолдан, аёздан ҳимоялайди. Мабодо сув (water) ёзувига кўзингиз тушса, бундай кремлардан кундузи фойдалана олмайсиз. Лекин воз кечиш ҳам тавсия этилмайди. Уларни уйқуга кетишдан аввал қўлланг. Ҳозир янги парвариш воситаси харид қилишни чўнтагингиз кўтармаса, тунги кремдан кундузи, кундузгисидан тунда фойдаланинг.

4. SPFдан воз кечмаймиз!

Гарчи бу фаслда қуёш булутлар ортига яширинса-да, унинг ультрабинафша нурлари барибир теримизга таъсир қилади. Шунинг учун ҳатто қиш кунларида ҳам SPF миқдори 15 фоиздан кам бўлмаган кремлардан фойдаланиш тавсия этилади.

5. Иссиқ сувдан эҳтиёт бўлинг  

Кўпчилик терини намлантириш учун иссиқ душ қабул қилиш керак, деб ўйлайди. Аслида бошқа ҳеч бир амалиёт терини иссиқ сувчалик қуруқлаштирмайди. Чунки иссиқ сув қон томирларини кенгайтиради. Натижада теридаги намлик бир зумда буғланиб кетади. Бунинг олдини олиш учун эса хоҳ эрталаб бўлсин, хоҳ кечқурун, фақат илиқ сувдан фойдаланинг.

6. Телефонингиздан унумли фойдаланинг

Ҳафтада икки бор юз учун ниқоблардан фойдаланишни канда қилманг. Замонавий хонимлар учун алоҳида таклиф. Ўзингизга ғамхўрлик қилишни унутиб қўймаслигингиз учун эса телефонингиздаги тақвимни очасиз-да, бир кунни белгилаб, гўзаллик муолажасини амалга оширасиз. Бу «Чарчадим, бошқа муҳимроқ ишларим қолиб кетаяпти» деган баҳоналарингизни йўққа чиқариш учун ҳам зарур. Белгилаган кунингиз тақвимингизнинг ўзи муолажалар вақти етганини эслатиб туради. Шу билан эринчоқлигингизни осон енгасиз.

МАФТУНА тайёрлади. 

Бошқа янгиликлар