1

Буюклар муҳаббати

МУТОЛАА 09.01.2017, 16:46
Буюклар муҳаббати

“Нозли дилдордан айрилдим...”

Махтумқули туркий халқлар адабиётида ўз овози, ўз услубига эга бўлган забардаст шоирлардан бири саналади. Манбаларга кўра, у 1733 йилда Копетдоғ тоғи этакларидаги Қорақалъа музофотида, туркманларнинг гўкланг қабиласида дунёга келади. Унинг отаси Давлатмамат Озодий ўз даврининг оташнафас шоирларидан бири эди.

Махтумқули яшаган давр Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қонли юришлари даврига тўғри келди. Эронлик қизилбошларнинг босқинлари туркманларнинг кўплаб шаҳар ва қасабаларини вайронага айлдантирарди. Махтумқули болалигидан ана шундай мудҳиш, қирғинбарот кунларнинг шоҳиди бўлиб улғайди.

Дастлаб қишлоқ мактабида, кейинчалик Хива ва Бухородаги мадрасаларда таҳсил олган Махтумқули диний ва дунёвий илмларни пухта ўрганди. Навоий, Саъдий, Румий сингари буюк мутафаккирлар ижодини пухта ўрганиб, ўзи ҳам шеърлар бита бошлади. У ўз шеърларида инсонийликни, мардликни, ахлоқий қадриятларни тараннум этди.

         Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

         Маъракада ўтириб-туришин кўринг,

         Биров билан ошно бўлай десангиз,

         Аввал ваъдасинда туришин кўринг, – дейилади шоирнинг дилбар шеърларидан бирида.

Шоирнинг ҳаёти турли фожиаларга, қисматнинг шафқатсиз синовларига бой бўлди. Болалигида онасидан ажраган Махтумқули кейинчалик икки акаси Муҳаммадсафо ҳамда Абдулладан ажралди. Афғон мулкига, Аҳмадшоҳ Дурроний ҳузурига йўл олган акаларининг тақдири қоронғилигича қолди. Опаси Хонменгли ва укаси Жонҳасан ҳам номаълум хасталикдан вафот этишди.

Махтумқулининг бошига тушган бундай маҳзун, аламли кунлар унинг асарлари, мунгли шеъру ғазалларида ҳам ўз аксини топган.

Муҳаббат бобида ҳам тақдир буюк шоирни сийламади. У ўн етти ёшида ўз қабиласидан бўлган Менгли исмли қизни севиб, унга атаб кўплаб шеърлар битганди. Менгли ўзининг ҳусну малоҳати, гўзаллиги билан беқиёс довруғ қозонганди. Унинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрган йигитлар кўп, бироқ у фақат биргина йигитни, кенг яғринли, қорақош, қоракўз, жингалак сочлари кулоҳининг остидан тошиб турадиган ўспирин, ёш шоир Махтумқулини ёқтирарди.

Тез орада икки ёшнинг муҳаббати шоирнинг отаси Озодийга ҳам етиб боради. Ота шоир эмас, муҳаббатни, пок инсоний туйғуларни тушунар, қадрларди. Қизнинг ота-онаси ҳам эл ичида ўз ўрни, обрў-эътиборига эга бўлган оила билан қуда бўлишни орзу қиларди.

Қадимий туркман анъаналарига кўра, бўйга етган қизни ҳам, йигитни ҳам тез фурсатда бошини қовуштириш зарур. Шу боис, Давлатмамат Озодий катта тўю томоша билан ўғлини севгилиси Менглига уйлантиради. Икки ёш бахтиёр эди.

Ўн еттидан ўтган сўнг, шуҳрат уйига кирдим,

Олдим бир нозанинни, завқ ила сафо сурдим.

Уларнинг қувончи еру осмонга сиғмасди. Аммо, замон ёмон эди. Босқинчи қизилбошларнинг ҳужум қилиш эҳтимоли ҳар лаҳза хавф солиб турарди.

Махтумқули иш юзасидан узоқ сафарга отланганда юртни ёғий босди. Қанча-қанча эр йигитлар душманнинг тиғига учради. Ёв туркманнинг кўплаб гул қизлари, келинларини асир қилиб олиб кетди. Улар орасида Махтумқулининг севикли ёри Менгли ҳам бор эди.

Махтумқули ёрини излаб кўп элларни кезди. Дард-аламларини шеърга солиб куйлади. Менглининг дарди ғамгин сатрларга кўчиб, шеърият ихлосмандларининг қалбидан мангу жой олди. Аммо, Менглидан ном-нишон йўқ эди.

Айрим тахминларга кўра, Менглини қизилбошлар олиб кетмаган, балки отаси қизини Махтумқулидан кўра бой, бадавлат йигитга узатиб юборган. Бироқ, бошқа олимлар бу тахминни рад этишади. Негаки, Махтумқули ўз қабиласига, бироқ бошқа оилага келин бўлиб тушган севгилиси, бошқа бировнинг ҳасми ҳалоли ҳақида бундай ўтли, армонли шеърлар битмаган бўларди. Чунки, бундай ҳолат туркманлар ҳаётида учрамайди.

Қўлдан олдинг қароримни,

Келиб сен ногаҳон фироқ,

Опкетдигнг Менгли ёримни,

Солимю дилга армон, фироқ...

Махтумқули қаерга бормасин, кимлар билан кўришмасин, севги унинг қалбидаги тузалмас яра бўлиб қолаверди. Бу ёқда эса, отанинг умр карвони сўнг манзилга етиб борар, ёлғиз қолган жигарбанди Махтумқулининг фарзандларини кўриб ўлишни орзу қиларди. Шу боис, Махтумқули бошқа бир аёлга уйланади. Ундан икки фарзанд – Иброҳим ва Сора туғилди.

Махтумқули умри давомида дунёнинг кўплаб ўлкаларини кезди, ўқиди, изланди, ижод қилди. Ўзидан бетакрор асарлар қолдирди. У 1783 йилда вафот этди.

У тарихда беназир шоир, пок ва буюк қалб эгаси, бетакрор муҳаббат соҳиби сифатида ҳам ном қолдирган.

 

                                                        Рустам Жабборов тайёрлади.

 

 

        

         

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1