АсосийDunyo

Тунда танаси фалаж бўлиб қоладиган ака-укалар

Баъзи бир оғир касалликлар қаршисида тиббиёт ҳам ожиз қолади, деб хабар беради “Мarketium.ru” нашри. 

Гап фалажлик ҳақида кетадиган бўлса, бу касалликни даволаш жудаям оғир масаладир. Покистонлик ака-укалар жуда кичкиналигидан бери  ҳеч ким тушунтириб беролмайдиган, тиббиётга номаълум  дардга йўлиққан. Улар кундуз куни туппа-тузук, соғлом юришса-да, кеч бўлиб, қоронғи тушгандан кейин бутунлай фалаж бўлиб қолишади. Уларнинг дардини шифокорлар ҳам тушунтириб беролмаяпти.

Абдул Рашид ва Шоаб Аҳмад исмли ака-укалар Покистонда истиқомат қилишади. Улардан бири 13, иккинчиси 9 ёшда бўлиб, бошқа болалардан деярли фарқ қилмайди. Бироқ улар тиббиётга номаълум бўлган дарддан азият чекиши билан бошқаларга ўхшамайди.

Куни билан соғлигидан шикоят қилмай, ўйнаб юрган болалар тунда фалаж бўлиб қолади. Тана аъзолари фалаж бўлиб қолган болалар овқат ея олмайди, гапиролмайди, бирор ҳаракатни амалга оширолмайди.

Болаларнинг отаси турли шифокорларга мурожаат қилиб, улар 300 маротаба клиник текширув ва тестдан ўтганига қарамай, етук тиббиёт ходимлари ҳам уларга аниқ ташхис қўя олмади.

Бундай ҳолатдан тушкунликка тушган ота фарзандларим сеҳр-жоду қурбони бўлган, деб ҳисоблаб, муллаларга ҳам ўқитди. Бу усул ҳам болаларнинг дардига даво бўлолмади. 

Шифокорлар мазкур касалликнинг сеҳр-жодуга алоқаси йўқлигини, балки ирсий касаллик эканини таъкидлашмоқда. Чунки Абдул Рашид ва Шоаб Аҳмаднинг ота-онаси амакиваччалар ҳисобланади. Уларнинг 6 фарзандидан 2 нафари чақалоқлигида вафот этган.

Ота ўғилларини “Қуёшли болалар”, деб атайди. Унинг айтишича, ўғиллари Қуёшдан қувват олишади, тунда эса унинг йўқлигидан қийналишади. Аслида эса бундай эмас. Чунки болалар куни билан соя жойларда, қоронғи хонада ҳам ўзларини яхши ҳис қилишади. Бу сирли ҳолатнинг асосий сабаби нима эканлиги номаълум.

Минг афсуски, болаларнинг дарди олдида тиббиёт ожиз! Айни пайтда шифокорлар уларга қандай дори-дармон тавсия қилишни билмай, бош қотирмоқда. Фарзандларининг аҳволидан хавотирга тушган ота-она уларнинг дардига даво излашдан бир сония ҳам тўхтагани йўқ.

Бошқа янгиликлар