Биз ишлайдиган ташкилотда ойлик маошларимизнинг асосий қисми пластик карточка орқали тўланади. Маълум қисми эса нақд шаклда. Аммо ана шу нақд шаклдагисини ҳар ой бир хил вақтда берилмайди. Айтинг-чи, банклар томонидан пенсия, нафақа, ойлик ва бошқа тўловлар қайси муддатларда тўланиши керак?
Латиф Қурбонов, Тошкент вилояти
М.Эшматов, Марказий банк раиси ўринбосари:
— Банклар томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга нақд пулларни бериш “Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги йўриқномага асосан биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга, пенсия, нафақа, стипендия, хизмат сафари харажатлари, шунингдек аҳоли омонатларини тўлаш учун амалга оширилади.
Хўжалик юритувчи субъектларга пул бериш муддатлари жамоа шартномалари ва бошқа локал меъёрий ҳужжатларга асосан улар билан келишилган ҳолда белгиланади.