АсосийSUG'DIYONA

​“Эрим менга хиёнат қилишини очиқ айтади...”

'​“Эрим менга хиёнат қилишини очиқ айтади...”'ning rasmi

— Мана уч йилдирки, эримнинг хуштори борлигидан азият чекаман. У киши ёшгина котиба қизни севиб қолганлигини менга тап тортмай айтган. Аммо чорасизман. Эрим билан ажрашай, десам иккита болам бор. Ҳеч жойда ўқимаганман, қўлимда бирор ҳунарим ҳам йўқ. У билан ажрашган тақдиримда ҳам ўзимни ўзим эплолмайман, қайтанга болаларимнинг қийналгани қолади. Ота-онамга ҳам юк бўлгим келмайди. Дардимни айтадиган, маслаҳат берадиган кишим йўқ. Нима қилай, менга қандай маслаҳат берасиз?

Саломат, 26 ёш, Тошкент шаҳри

“Даракчи” газетаси таҳририятига келган мазкур хат эгасига психолог Гўзал Рўзматова жавоб беради:

— Хат мазмунидан кўриниб турибдики, аёл оғир аҳволда, яъни жабрланувчи позициясида. Хиёнатнинг ўзи оғир, бунинг устига эрингиз хуштори борлигини очиқчасига айтгани сизга ва оиласига бўлган ҳурматсизлигидир. Боз устига сиз чорасизсиз, эрингизга иқтисодий қарамсиз. Бу ўзингизга бўлган баҳонинг пастлиги ҳамдир. Бу ҳолат эса янада ачинарлидир. Унутмангки, бахт манбаи қалб ҳаловатида ва қадр-қимматдадир. Сизга биринчи галда, ўзингизга бўлган ишончни тиклашни, ўзингизни ҳурмат қилишингизни маслаҳат бераман ва буни психологлар билан бирга амалга оширишни тавсия қиламан. Чунки ўзини қадрлаган инсоннигина бошқалар ҳам қадрига етади. Шунингдек, ҳунар ўрганишни эрта-кечи йўқ. Бирор ҳунар ўрганиб, ўзингизни таъминлай ола билинг. Шундан сўнггина турмуш ўртоғингизни оилага қайтариш ҳақида ўйласангиз бўлади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар