— Ҳозирда ота-онам, акам ва келинойим билан бирга яшайман. Акам уйланган заҳоти келинойим билан алоҳида уйда яшай бошлаганди. Фарзандли бўлиб, иши ўзгаргани боис яна қайтиб уйимизга кўчиб келишди. Лекин келинойим билан ҳеч чиқиша олмаяпман. Бир неча марта ундан нолиб онамга айтганим учун, ўртага бироз совуқчилик ҳам тушди. У ҳам менга очилмайди. Иккаламиз бир хонада қолсак, деярли гаплашмаймиз. Бўлмаса, у билан ёшимиз тенг, мучалимиз ҳам бир. Лекин негадир қизиқишларимиз, феълимиз умуман тўғри келмайди. Албатта, у билан тил топишишни хоҳлайман, бироқ қандай қилиб, билмайман...
Бону, 25 ёш, Қарши шаҳри
“Даракчи” газетасига келган мазкур мактуб эгасига психолог Гўзал Рўзматова жавоб беради:
— Келинойингиз билан тил топишишни исташингизни ўзи таҳсинга лойиқ. Гарчи ёшингиз бир бўлса-да, қарашларингиз орасида фарқ бўлиши табиий. Чунки сизларнинг мавқеларингиз ҳар хил. Сиз қиз бола, у эса келин. Муҳими, сизлар энди қариндош, бир оиланинг аъзосисизлар. Ўртадаги илиқ муносабатлар аввало, қабул қилишдан бошланади. Яъни сиз келинойингизни оилангиз аъзоси бўлганини қабул қилишингиз керак. У энди сизга қариндош ва унга ҳурмат назари билан қарашингиз керак. Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари бўлади. Сиз эътиборингизни қай бирига қаратишингиздан муносабатлар келиб чиқади. Агар сиз келинойингиз билан яқинлашиш, дўстлашиш ниятида бўлсангиз, албатта унинг яхши жиҳатларига эътибор қаратинг. Агар унинг камчиликларига эътибор бераверсангиз, муносабатлар илиқлашмайди.