Қўлларимиз куну тун бизнинг хизматимизда, мушкулимизни осон қилади. Келинг, бир сафар биз қўлларимизнинг хизматида бўламиз. Ишонинг, бу у қадар мушкул эмас, озгина хоҳиш бўлса, кифоя.
1. Ажинларга қарши
1 дона тухум сариғини 1 ош қошиқ зайтун мойи, 1 чой қошиқ асал ва бир неча томчи лимон шарбати билан аралаштиринг. Ниқобни кўлга суртиб, 4-5 соатга полиетилен қўлқоп ёки пакет ўраб қўйинг.
2. Қуруқлашиб қолмаслиги учун
Фойдаланаётган кремингиз таркибини диққат билан ўрганинг. Масалан, унда «alcohol» сўзига дуч келсангиз, билингки, бу кремдан кейин қўлларингиз, албатта, қуруқлаша бошлайди. Яхшиси, намликни меъёрлаштириб турувчи кирамидли кремларга ихтиёр беринг. Крем танлай туриб, ультрабинафша нурлардан ҳимоялаш хусусиятига эга эканлигига ҳам аҳамият қаратинг.
3. Тирноқларни мустаҳкамлаймиз! Илиқ сув, 10 томчи ўсимлик мойи, 1 ампула А витамини (дорихонада сотилади) ва икки томчи йодни аралаштириб, 15 дақиқа қўлни ушбу дамламага солиб туринг. Муолажадан сўнг юмшатувчи крем суртиш ёдингиздан кўтарилмасин.
4. Тирноқ остидаги кирлардан осон халос бўламиз!
Одатда тирноқлар бироз ўсса, остига кир тўплана бошлайди. Бундан халос бўлиш учун эса тиш пастаси ва тиш чўткаси керак бўлади. Демак, пастани тирноққа суртиб, бир муддат чётка ёрдамида ишқаланг. Бу амалиётдан сўнг тирноқларингиз тозаланади ва сарғиш доғлар йўқолади.
5. Тери ёрилганида
Агар терининг эластиклиги йўқолиб, ёриқлар пайдо бўла бошласа, 1 литр илиқ сувда 1 ош қошиқ картошка крахмалини эритиб, 15 дақиқа ванна қилинг. Бу муолажа ёриқлар тезроқ битишига ёрдам беради ва терини юмшатади.
6. Йод фойдалими?
Тирноқлар синувчан бўлса, дарров йод суртишга одатланганмисиз? Бу дори спирт асосида тайёрланишини ҳам биласизми? Ахир спирт тирноқларни қуритиб, қавариб кўчишига сабаб бўлади. Демак, дорихонада сотиладиган йоддан малҳам сифатида эмас, балки турли ниқобларга қўшиб, оз-оздан фойдаланамиз.
7. Сули ёрмасидан тайёрланган ниқоб
1 ош қошиқ майдаланган сули ёрмасига 1 ош қошиқ қуруқ сут қўшиб, қуюқ бўтқа ҳолига келгунча сув солинг. Сўнг 1 чой қошиқ зайтун мойидан қуйиб, 15-20 дақиқага қўл терисига суртинг. Бу муолажа қўл терисининг эластиклигини оширади.
8. Оқартириш учун косметик лой
1 ош қошиқдан косметик турпоқ ва илиқ сувни аралаштириб, қўл терисига суртинг. 15 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб, юмшатувчи крем суртинг.
Камола тайёрлади.