1

​Байрамга нима совға қиласиз? Ўзимиз айтамиз!

СУҒДИЁНА 07.03.2017, 09:59
Теглар: Муҳаббат, Байрам, Аёл, Эркак, Совға, Оила, Эр-хотин
​Байрамга нима совға қиласиз? Ўзимиз айтамиз!

Сезиб юрибмиз, билиб турибмиз, шу кунларда хотирангиз паришон. Ахир кутилаётган байрамга саноқли кунлар қолди! Сизнинг эса бизни қандай хушнуд этишни билмай, бошингиз қотган. Ахир биз нозикойимлар на иссиққа кўнамиз, на совуққа. Майли, ҳеч ҳам диққат бўлманг, ўзимиз сизга кўмаклашиб юборамиз. Бунинг учун қуйидаги кичкина топшириқни бажарсангиз бас.

Шартимиз!

Ҳисоб-китобга усталигингиз сир эмас, муҳтарам жаноблар. Қани, қуйидаги мисолни ечинг-чи.

Энди биз туғилган куннинг санаси таркибидаги сонларни қўшасиз. Битта сонга адашсангиз ҳам, мўлжални тўғри ололмайсиз. Масалан, мен 1987 йилнинг 1 март санасида туғилганман: 1+9+8+7+1+0+1=28=2+8=10=1+0=1

Эслатма: натижа бир хонали сон чиққунча, мисолни ечаверасиз. Чиққан натижанинг таърифига қараб совға танлашни бошланг.

Кимга қанақасидан?

1. Эҳ, биз — биринчилар жуда бошқачамиз-да. Сизнинг атрофингиздаги аёллардан бирининг рақами «1» бўлса, отни қамчилашга бироз кечикдингизми, деб қўрқаман. Чунки шоша-пиша олинган, йўқдан кўра бор, дея улашилган совғалардан бошимиз кўкка етмай қолади. Майли, кайфиятни туширманг. Ҳали ҳисобингизда беш кун бор. Гапнинг дангалини айтсак, бизга қулай, фойдали ва оригинал совғалар ёқади. Бунинг устига, айни пайтда нимага эҳтиёжимиз бор, шуни ҳам ҳисобга олинг. Ана, соч қуритгичимиз куйиб қолган бўлса, дарров бир қучоқ атиргул билан кўтариб келинг, қарабсизки, биздан бахтли аёл йўқ дунёда! Ёки бирга дўкон айланишни таклиф қилиб, кўнглимиз жиз этган либосни кўз остингизга олиб қўйишингиз мумкин. Хуллас, истакларимизни билиб олинг, сўраманг фақат.

2. Бу рақам остига яширинган хонимларнинг хоббилари сизга ёрдам беради. Уларнинг севимли машғулотлари қанақа? Пишир-куйдирни жонидан севадими, марҳамат, катта бўладими ёки кичик бирор ошхона буюми совға қилинг. Куннинг қуёш чарақлаган қисмини офисда ўтказадиган аёлларга эса иш столини безаб, унга кайфият улашиб турадиган нимадир туҳфа қилишни маслаҳат берамиз. Масалан, орхедия гули. Шартимиз, одатий совғаларингиз ноодатий кўринишда бўлсин!

3. Ижодкор, бетакрор аёлларимизнинг феъл-атворига «Бир, икки, уч, учдан кейин пуч» ибораси жуда мос-да. Шунниг учун, етти ўлчаб, бир кесиб, совға танланг. Масалан, деворга осилса, уйга кўрк бағишлайдиган манзарали сурат, нафис матодан ишланган шарф кабилар айни муддао. Яна тонг саҳардан онангиз, аёлингиз ёки қизингизни бир дона бўлса-да, севимли гули ёхуд орзусидаги нарсаси билан хушнуд этсангиз ҳам, уларнинг кўнгли тонгдек ёришади.

4. Натижа шу рақам чиққан бўлса, табриклаймиз сизни! Ахир бу рақам «Совғанинг катта-кичиги бўлмайди», дея фирклайдиган аёлларимизга хос. Юмшоқ ўйинчоқми, табрикномами, борингки, финжонми — уларга хуш келаверади. Ҳаттоки бир ўқ билан икки қуённи уриб, рўзғорга керакли ниманидир туҳфа қилсангиз ҳам, қувончлари ичига сиғмайди. Эркаклар, шунча енгилликка яраша, чиройли гулдаста эсдан чиқмасин-а?!

5. Ишлари доим беш бўлишини истайдиганларга, албатта, ишбилармонларга хос совғалар маъқул келади. Дейлик, телефон, ноутбок, ҳеч бўлмаганда, органайзер. Фақат уларни сюрприз сюрприздек бўлсин дея, дабдабали қилиб ўраманг. Ўрами совғангизнинг стилига мос бўлсин.

6. Гўзалликнинг шайдоларига жуда чиройли туҳфалар ёқади. Кичкина буюм бўлса, гўзаллиги кўзни қувнатиши шарт. Нозик дид билан ишланган соат, тақинчоқлар тўплами, бежирим кўйлак, клатч — мана, сизга таклифлар. Бунинг учун совға соҳибасининг дидини билсангиз кифоя. Ёки бирор яқинингиздан танлашишни илтимос қиларсиз (масалан, ойингизга рафиқангиз билан бирга совға танлашингиз мумкин).

7. Бу рақамни бежизга омад белгиси дейишмас экан-да! Ахир атрофингиздаги аёлларнинг шу рақам билан боғлиқлари «Ҳамма гап эътибор-да» деган шиор остида яшайдилар. Бу ёғи ҳимматингизга боғлиқ, меҳр-муҳаббатингизни чиройли изҳор қилсангиз бас. Оилангиздаги аёлларга эрталабдан чиройли дастурхон безатсангиз, 7 март кечаси совғаларни хоналарига қўйиб чиқсангиз, ҳамкасбларингизнинг эса стол устида туҳфалар билан кутиб олсангиз, нур устига нур бўларди.

8. Ҳаётдан мўъжизалар кутиб яшовчи бу тоифа хонимлар романтик совғаларни жон дилидан севишади. Шунинг учун антиқа нарсаларга ихтиёр беринг. Эртакнамо байрам ташкиллаштиринг. Гуллар, ширинликлар билан уйингизни безатиб чиқинг. Фантазияни ишга солсангиз, аёлингиз бир йил давомида оғзидан бол томиб, сизни мақтаб юради!

9. «9» рақами чекингизга тушган бўлса, оилангиз аёлларини ресторан, концерт кабиларга таклиф қилишингиз мумкин. Қанийди, бирор чет эл мамлакатига саёҳат учун чипталар билан қутласангиз. Баҳонада ўзингиз ҳам бир кўнгил ёзиб келардингиз. А, лаббай, албатта, дейсизми? Яшанг! Умуман олганда, маслаҳатимиз, шу кун пулингизга зиқналик қилманг! Ахир 8 Март санаси тақвимда биргина-ку!

Ҳа айтганча, энг муҳими, табриклаш маросими учун чиройли ва самимий нутқ тайёрлаш ҳам ёддан кўтарилмасин... Яна ҳаяжонланиб, қовун тушириб ўтирманг, деймиз-да...

МУХЛИСА тайёрлади.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1