Ўзини севишга қарор қилган аёлларга бағишланади. Эржонларнинг ростдан ҳам орзу қилган хотини сиз эканингиз ҳақидаги 15 ҳақиқатни билишини истасангиз, эътирофларни овоз чиқариб ўқишдан хижолат чекманг.
Дидимиз чакки эмас. Чиройли нарсаларга ўчмиз. Уй жиҳозлари, тилла тақинчоқ, гуллар... Бу сифатимизни камчилик санаманг. Дидимиз ўткир бўлмаганида, сизни танлаган бўлармидик?
1. Бизни ақл ўргатаверади деманг. Ҳар бир муаммога куйинишингизни истамаймиз. Бу борада меҳрибон хотинларингиз бирга ўйлашиб юборишдан чарчамайди, ишонаверинг.
2. Аслида тежамкормиз. Гўзаллик салонлари, кийим-кечак, чиройли тақинчоқларга фақат сиз учунгина пул сарфлаймиз. Баъзан билиб-билмай чиройли аёлларга нигоҳ ташлашингизни сезамиз. Шу гўзаллик бегона эмас, ёнингиздаги аёлда бўлса ёмонми?
3. Арра деманг, биз пичоқмиз. Жарроҳлар ҳам ярани авжига олмасдан кесиб ташлаб, даволашади. Биз бор-йўғи ёмонликнинг олди олиниши тарафдоримиз.
4. Йиғлоқи деманг. Бирор нарсадан хафа бўлсак руҳиятимизни тозалаб, ичимизни бўшатиб оламиз. Ичингизда йиғилган дард касалликка айланиши исботланган. Биз — аёлларда юрак ҳуружининг кам учраши, эркакларга нисбатан узоқ умр кўришимиз ҳам бежиз эмас.
5. Танқидчи эмас, зийракмиз. Билиб-билмай йўл қўйган хатоларингизни бартараф қилсангиз, мақтовга сазовор эркакка айлансангиз ёмонми?
6. Гап гаштакдан бери келмаймиз. Сиздек ҳотамтой эрларимиз бор экани билан фахрланиб, исботи сифатида ҳамма жойга турланиб борамиз.
7. Кўп гапирмаймиз. Сизга бир гапни икки-уч марта такрорлашдан эринмаймиз, холос. Айтилган гапни биттада амалга ошириш эркакларга хос эмаслигини тан олинг.
8. Терговчи эмас, рашкчимиз. Қўл телефонимни, чўнтакларимни кавлайди, деб биздан нолиманг. Бу ҳаммаси рашк аталмиш туйғунинг меваларидир. Рашк эса муҳаббат белгиси. Кўнгилни тўқ қилаверинг, терговлар қанча кўп бўлса, севги шунча кучли.
9. Аёллар сериални севади. Ҳар куни бир хил вақтда сизга биздан холи дам олишга имкон берамиз. Демак, маза қилиб пайтдан фойдалансангиз бўлади.
10. Пул, пул, пул... Ҳадеб уни сўрайверишимиз ёқмайдими? Буни ҳам яхши эканимиздан далолат деб қабул қилинг. Қанча кўп сўрасак, шунча топаман деб ҳаракат қиласиз. Тиришқоқ бўлишингизга биз сабабчимиз.
11. Баланд пошнали пойабзалларни фақат биз киямиз. Нима бўпти? Юрагингизни бигиз билан ўйгунча ерни пошна билан тешганимиз яхши эмасми?
12. Бола тарбиялаганда овоз баландлатсак ғашингиз келмасин. Санъат шайдоси бўлган эрларимизга баланд пардада бемалол куйлаб берамиз. Тайёр Райҳону Шаҳзода каби юлдузлар ёнгинангизда бўлса ёмонми?
13. Дўкон айланишни яхши кўрамиз. Яхши-ку. Хотинимга нима совға олсам экан, деб бош қотиришга ҳожат қолмайди. Бу ҳам сиз қийналмаслигингиз учун аслида.
14. Қайнона келин машмашасига бир тарафлама бўлса-да сабабчимиз. Сизга қозилик тажрибасини оширишга ёрдам беряпмиз. Ҳамма нарсанинг тош-тарозисини билиш ҳам катта масъулият. Сиздек ишонган тоғимиз бу ишни аъло даражада уддалашига ишончимиз комил.
Нигора СОЛИҲОВА