Ражиб Томас ёки оиласидагилар учун номи “Реджи ота” бўлган эркак ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ишга қўл урди, деб хабар берди “Interesno.cc” нашри.
У ОИТС ташхиси қўйилгандан кейин ота-онаси томондан ташлаб кетилган 22 нафар болани асраб олди ва Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида жойлашган уйига олиб келди. Улар ҳозирда 44 ёшли эркакнинг рафиқаси ва 2 нафар фарзанди билан бирга яшайди.
Реджининг рафиқаси йигирмадан ортиқ болаларга уч маҳал овқат тайёрлаш билан банд бўлганда у болаларнинг билим олиши ва соғлиги ҳақида қайғуради.
Реджининг айтишича, шунча болани боқиб олишига касалхона олдида бўлган тасодифий учрашув сабаб бўлган.
“Касалхона кўчасида ерда озғинлигидан қоқсуяк бўлиб кетган қизчанинг ухлаб ётганини кўрдим. Унинг ОИТС касаллигига чалинганини, ота-онаси ташлаб кетганлигини билдим. Ундан “Овқат ейсанми?” деб сўрадим. Қизча угра ейишни хоҳлаётганини айтди. Аксига олиб, ён-атрофдан угра тополмадим ва унга эртага келишга ваъда бердим. Эртаси куни келганимда қизча йўқ эди. Суриштирганимда унинг вафот этганлигини айтишди. Бу хабардан ларзага келдим ва бундай оғир аҳволга тушиб қолган болаларга қандай ёрдам бершим мумкинлиги ҳақида ўйладим”, деб хотирлади Реджи.
Шундан кейин у касалхонадаги ОИТС бўйича мутахассис аёлга учрашиб, бемор болаларни асраб олиш нияти борлигини билдирди. Шифокор аёл унга ота-онаси ташлаб кетган иккита чақалоқни асраб олишда ёрдам берди.
Эркак ўтган кунларни хотирлашда давом этди:
“Аввалига жуда қийналдик. Уйимизда бор-йўғи битта кўрпа борлигидан, унга 4 та бола ва рафиқамни ётқизиб, ўзим қуруқ ерда ётишга мажбур бўлдим”.
“Кейинчалик раҳми келган одамлар бизга кўрпа-тўшак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва пул эҳсон қилишди”.
“4 кишидан иборат оилам аста-секинлик билан 24 кишилик оилага айланди. Менинг ОИТСга чалинган болаларни асраб олаётганимни эшитган бошқа касалхоналар ҳам бемор болаларни менга юборадиган бўлди”.
Реджи ота кун сайин кенгайиб бораётган оиласидан фахрланади ва бу болалар унинг ҳаётдаги мақсадига айланганини таъкидлайди.
“Барча асраб олган болаларим мени дада, деб чақиради. Отанинг вазифаси эса ўз фарзандларини ҳимоя қилишдан иборатдир, – дейди у.– Умуман олиб қараганда мен жудаям катта қаҳрамонлик кўрсатганим йўқ, балки ўз фарзандларимга ғамхўрлик қилмоқдаман”.
Томас ОИТС касаллиги ҳақидаги барча афсоналарга чек қўйишга ҳаракат қилмоқда.
“ОИТСга чалинди дегани умри қисқа, ажали етди дегани эмас. Улар бошқа оддий одамлар каби узоқ умр кўришлари мумкин. Уларни асраб олишдан мақсадим ҳам умрларини узайтиришдир”, деди Реджи.