“Қизим олий ўқув юртида ўқиб юрганида — 2-курслигида турмушга чиқди. Орада фарзандли бўлди. Қуда тараф унинг ўқишни давом эттиришини хоҳлашмади. Орадан 7 йил ўтиб кетди. Ҳозир фарзандлари катта бўлиб қолди. Энди қизим ўқишини қайта тиклаш ниятида. Қизим ўқишини тиклай оладими?”
Мурожаат этувчи тўғрисидаги маълумотлар
сир сақланиши илтимос қилинган
— Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон Қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 29-бандига бинон, ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилдан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссиясининг рухсати билан амалга оширилади.