15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, асраб-авайлашнинг нақадар муҳимлигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш, шунингдек, ёшларга таълим-тарбия бериш ва илм-фаннинг юксак марраларини забт этиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳалари учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги билан биргаликда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ бир қатор тадбирларни амалга оширади.
Қарорга кўра, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этилади. Республиканинг етакчи олимлари, хусусан, академиклар ва фан арбоблари иштирокида олий таълим муассасалари талабалари, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар билан илмий учрашувлар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этилади. Шунингдек иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг истиқболли илмий-тадқиқот ишлари натижалари ва илмий мақолалари даврий равишда эълон қилиб бориладиган “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли илмий журнални таъсис этилади.
2018 йилда Муҳаммад ал-Хоразмий таваллудининг 1235 йиллигини кенг нишонлаш юзасидан илмий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирларни амалга оширилади.
Университет қошида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) ташкил этилиб, унинг маблағларини шакллантириш манбалари этиб мобиль алоқа хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўловдан тушадиган маблағларнинг 1,0 фоиз миқдоридаги ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар белгиланади.
Жамғарма маблағларидан ўқув дарсликлар ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш, шу жумладан, хорижий адабиётларни харид қилиш, унинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендия харажатларини қоплаш ва “Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари” номли илмий журнал нашр этилишини молиявий қўллаб-қувватлаш, Университет ва Марказнинг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини танлов асосида молиялаштириш, уларнинг илмий ва ўқув лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар, зарур сарфланувчи материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ва тижорат банкларига Университетнинг буюртманомалари бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан хориждан сотиб олинадиган замонавий илмий асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар ҳамда хорижий илмий адабиётлар учун зарур бўлган пул маблағларини конвертация қилиш тавсия этилди.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммаларига юкланди.