АсосийJamiyat

​70 фоиз бозорларнинг моддий-техника базаси савдони ташкил этишнинг замонавий талабларига жавоб бермайди

'​70 фоиз бозорларнинг моддий-техника базаси савдони ташкил этишнинг замонавий талабларига жавоб бермайди'ning rasmi

Кейинги 5 йилда Тошкент шаҳрида ва ҳудудларда 17 та деҳқон бозори мукаммал реконструкция қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги "Олой" ва "Миробод" бозорлари тўлиқ бузиб ташланди ва уларнинг ўрнида анъанавий шарқ безаги элементларидан фойдаланилган янги замонавий деҳқон бозорлари барпо этилди.

Бундан ташқари, айрим шаҳарларда, вилоятлар ва йирик туман марказларида ҳам деҳқон бозорларини бузиб ташлаш, қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, уларнинг ўрнида барча зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига ҳамда сотувчилар ва харидорлар учун қулайликларга эга бўлган замонавий обод бозор мажмуалари барпо этилди.

Шу билан бир қаторда, олиб борилган ишларга қарамасдан, аксарият деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, шунингдек, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда.

Ҳозирги вақтда фаолият кўрсатаётган 328 та деҳқон бозорини ҳар томонлама танқидий таҳлил қилиш натижасида бозорларнинг 70 фоизидан ортиғининг (231) моддий-техника базаси савдони ташкил этишнинг замонавий талабларига (муҳандислик-коммуникация тармоқлари, савдо расталари, ободонлаштириш, автомобиллар тўхташ жойлари ва бошқалар) жавоб бермайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига ЎзАда эълон қилинган шарҳда сўз боради.

Туманлардаги қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган бозорларнинг 20 фоизидан ортиғи (59) ҳафтада фақат бир кун ва зарар кўриб ишлайди.

Бозорларнинг 90 фоизидан ортиғи (301) замонавий қурилиш нормалари талаблари ва савдо хизмати кўрсатиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда мукаммал таъмирлашни талаб этади.

Республика қишлоқ туманлари аҳолиси амалда бозорларда замонавий тўлов тизимларидан (пластик карточкалардан) фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж товарларини сотиб олиш имкониятига эга эмаслигини, аҳолига савдо хизматлари кўрсатиш даражаси ҳам замонавий талабларга жавоб бермаслигини кўрсатди.

Деҳқон бозорларининг асосий қисми катта ҳудудларни эгаллайди, кўпинча аҳоли учун истеъмол товарларининг энг зарур турлари сотувда бўлмайди.

Ушбу барча омиллар деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларни янада ривожлантириш стратегиясини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шулар инобатга олинган ҳолда деҳқон бозорларининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва замонавий савдо-бозор инфратузилмасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бошқа янгиликлар