2017 йилнинг 17 февраль куни Андижон вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси фуқароси 2 ёшли қизини келгусида Қирғизистон Республикасига айланма йўллар билан олиб чиқиб кетилиш шартига рози бўлиб, пуллаган аёл қўлга олинди.
Бу ҳақда MY5 телеканалининг “Марказий студия”сига Андижон вилояти божхона бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи Акром Ахлимирзаев маълумот берди:
“Тезкор тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Булоқбоши туманида яшовчи Миркомилова Гулчирой ўзининг 2015 йилда туғилган қиз фарзандини келгусида Қирғизистон Республикасига айланма йўллар орқали ноқонуний олиб чиқиб кетилишига розилик билдирган ҳолда 9 миллионга сотаётган вақтда божхона ходимлари томонидан қўлга олинган.”
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми (Одам савдоси. в) в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан)билан жиноят иши қўзғатилган.
“Жиноятни содир этилишига асосий сабаб энг аввало оилавий муҳитнинг яхши эмаслиги, фуқаронинг турмушидан ажралганлиги, қолаверса, жойлардаги маҳалла фаоллари томонидан етарли даражада эътибор қаратилмаганлигидир”, дейди А.Аҳлимирзаев.
Маълум бўлишича, аёл фарзанди учун 18 миллионни иккига бўлган ҳолда олмоқчи бўлган.